Ўзбекистон | 19:46 / 21.08.2020
33281
3 дақиқада ўқилади

«Исириқнинг устидан кулиш эмас, самарали жиҳатларидан кўпроқ фойдаланиш керак» — Бахтиёр Расулов

Пандемия бошланганидан буён, айниқса сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда исириқ ҳақида баҳс-мунозаралар кўпайиб кетди. Қўқон шаҳрида юк машинаси бортидан туриб исириқ тутатганлар бу мавзуни яна диққат марказига олиб чиқишди.

Исириқ чиндан ҳам юқумли касалликларга қарши курашда бесамар воситами? Бугунги пандемия шароитида ундан фойдаланиш мумкинми?

Шу каби саволларга жавоб олиш учун биология фанлари доктори, ЎзРФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти Микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси мудири Бахтиёр Расулов билан қисқа суҳбат қурдик.

– Бахтиёр ака, дастлаб кўп минг йиллик тарихга эга, бугун баҳсларга сабаб бўлаётган бу ўсимлик ҳақида умумий маълумотлар берсангиз.

– Чиндан ҳам ижтимоий тармоқларда исириқ қўлланилаётганига нисбатан ҳар хил фикр-мулоҳазалар кўпайди. Аввало, шуни айтиш лозимки, исириқ чиндан ҳам шифобахш хусусиятга эга доривор ўсимлик ҳисобланади. У кўплаб бирикмалар, айниқса, алкалоидларга бой.

ЎзР ФА Ўсимлик моддалари кимёси институтида дунёда илк бор исириқ алкалоидларини ажратиш, физик-кимёвий ва фармакологик хусусиятларини тадқиқ этиш ишлари ўтган асрнинг 60-йилларидан бошланган бўлиб, бу борада катта мактаб яратилган. Ҳозирда ҳам исириқ таркибидаги моддаларни тадқиқ этиш борасида ишлар давом этмоқда. Жумладан, исириқдан олинган алкалоидлар экстрактининг гриппнинг олдини олиш борасидаги фундаментал тадқиқотлар эълон қилинган.

– Исириқнинг патоген микроорганизмларга таъсири илмий жиҳатдан исботини топганми?

– Албатта. Юқорида Ўзбекистонда ўтказилган тадқиқотлар тўғрисида айтдим, аммо дунёнинг қатор илмий марказларида ҳам бу борада ўрганишлар олиб борилган. Исириқ алкалоидларининг грипп қўзғатувчи вируслар РНК репликациясини тўхтатиши, вирус полимераза фаоллигига салбий таъсир кўрсатиши аниқланган.

Эътиборлиси, коронавирус ҳам грипп вируси сингари РНК сақловчи ҳисобланади. Бундан ташқари, исириқ таркибидаги алкалоидларнинг шишларга қарши самарали восита экани исботланган.

Шунингдек, исириқ алкалоидларининг зарарли микроорганизмларнинг ривожланишини тўхтатиши маълум қилинган.

Исириқ тутатилганда айрим бирикмалар ажралиши ва ҳаводаги зарарли микроорганизмларга таъсир қилиши ҳам исботланган. Исириқ тутатилганда α-пинен, лимонен ва стиренлар ажралади ва бу бирикмалар микроорганизмларни дезинфекция қилиш хусусиятига эга.

Албатта, Қўқон шаҳридаги сингари юк машинаси бортидан туриб исириқ тутатиш кулгили туйилиши ва самарасиз бўлиши мумкин. Аммо илмий томондан олиб қаралганда, профилактика нуқтайи назардан исириқ тутатиб ҳавони дезинфекция қилишнинг ҳеч қандай салбий жиҳати йўқ, фойдали томонлари эса бисёр.

Қолаверса, исириқ тутатилган хонада айниқса бизнинг ҳудуд аҳолисига манзур бўладиган, ўзига хос ва ёқимли аура ҳам ҳосил бўлади. Бундан ташқари, исириқ бошқа воситаларга қараганда арзон ҳам туради.

Хулоса қилиш мумкинки, исириқ устидан кулиш эмас, унинг фойдали жиҳатларини кўпроқ ўрганишимиз керак.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид