Жамият | 13:38 / 21.08.2020
10824
3 дақиқада ўқилади

Сенатор ОТМ ўқитувчилари ойлигини дифференциялашни таклиф қилди

Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори, сенатор Орал Атаниёзова олий таълим муассасалари ўқитувчилари учун ойлик маошни дифференцияланган тарзда тўлашни таклиф қилди.

У ҳозирда сифатли дарс бериб, илмий фаолият билан шуғулланаётган ўқитувчи ҳам, фақатгина дарс бериш билан чекланаётган ўқитувчи ҳам бир хил миқдорда маош олаётганига эътибор қаратган.

«Вазирлар Маҳкамасининг 236-қарори билан олий таълим муассасаларида педагогларнинг ишини баҳолаш кўрсаткичлари белгиланган. Ҳар бир ўқитувчи йил давомида 110 балл жамлаши керак. Бу ўқув машғулотлари, илмий фаолият, жамоатчилик ишлари, ижтимоий дастурлар, талабаларнинг тарбияси, тўгараклар, тадқиқотлар, инновацион ғоялар ва бошқалар ҳисобига шакллантирилади.

Аммо ҳозир ўқитувчининг дарс ўтган соатлари бўйича қайдномага қаралади. Шунчаки келиб-кетиб ҳамма дарс соатларини ўтган бўлса, ойлиги берилади. Дарс ўтиш баробарида илмий иш билан шуғулланган, халқаро илмий платформаларда мақола чиқарган, тадқиқот олиб борган, маҳаллаларда маъруза ўқиган, илмий тўгарак юритган ўқитувчи ҳам худди ўша маошни олади.

Ўқитувчининг ойлик фаолиятини баҳолашда дифференциал ёндашув мавжуд эмас. Ҳамма бир хил маош олади. Шунча ишни қилаётган ўқитувчи билан ҳеч нарса қилмаётганининг ойлиги бир хил бўлгани боис уларда бирор ишни амалга ошириш учун ҳаракат йўқ», деди Атаниязова Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси давра суҳбатида.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сенатор ўқитувчиларга ойлик маош тўлашда дифференциал ёндашувни таклиф қилди.

«Ўқитувчиларга бир хил маош бериш керак эмас. Ҳар ой ўқитувчига ойлигининг 60 фоизини берайлик. 40 фоиз депозитда сақланади. Ўқув йили якунида ўқитувчи ўз юклама мажбуриятларини қай даражада бажаргани баҳоланади. Мақола чиқаргани, илмий тадқиқот олиб боргани, у ўтган фан бўйича талабаланинг қанчалик яхши кўрсаткичга эга бўлгани (айрим талабалар якуний назоратларда ўта қониқарсиз баҳо олишади)га қаралади. Шуларни қай даражада бажарганидан келиб чиққан ҳолда депозитда сақланиб жамланиб борган 40 фоиз маошини олади.

Бу ўқитувчига дарс бериш билан бирга самарали илмий фаолият олиб бориш учун мотивация беради», дея Орал Атаниязованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид