Ўзбекистон | 07:30 / 23.08.2020
22337
4 дақиқада ўқилади

Фарғона мутасаддилари Андижон билан чегарадаги постларни қачон очади?

Ўзбекистонда 15 августдан карантин чекловлари юмшатилиб, шахсий ва жамоат транспорти ҳаракати, кўплаб фаолият турлари босқичма-босқич қайта тикланди. Бироқ шу кунгача Андижон ва Фарғона вилоятлари ўртасида транспорт қатновлари тўла тиклангани йўқ – Фарғона томондан йўллар тўсилганича қолмоқда.

Икки вилоятни Асака ва Қува туманларидан ўтувчи асосий йўли ва Шаҳрихон-Қува йўли блокпост билан беркитилган бўлиб, икки вилоят аҳолиси учун умуман тескари бўлган Бўстон-Ёзёвон чегараси очиқ холос.

Транспортда Ёзёвон томон билан Фарғонага ўтиш ёки Фарғонадан Андижонга келиш – 150 километр айланиб ўтиш деганидир.

Аҳоли мурожаатларини ўрганиш мақсадида иккала жойга бориб гувоҳ бўлдикки, йўллар бетон тўсиқлар билан беркитиб қўйилган, икки вилоят ўртасида транспорт ҳаракати деярли тўхтатилган.

15 августдан сўнг чегаралардаги Андижон вилоятига қарашли блок постлар олиб ташланган бўлиб, фақат Фарғона вилояти томонидан қўйилган постлар қолибди.

Фарғона вилояти постларида хизмат вазифасини олиб бораётган Миллий гвардия хизматчилари ва Қува СЭОМ ходимлари постларни олиб ташлаш ҳақида қарор чиқмаганини айтишди.

Аҳоли транспорт қатнови йўқлиги сабаб чегарага келиб жамоат транспортидан тушади ва блок постдан ўтиб, нариги томонда турган автоуловга чиқади. Оқибатда ортиқча оворагарчиликлар юзага келмоқда. Пишиқчилик пайтида боғбон ва тадбиркорлар етиштирган мевалари ва маҳсулотларини олиб ўтишда қийинчиликка тўғри келишмоқда.

Асака–Қува чегарасидаги ҳолат билан танишдик. Блок постга яқинлашишимиз билан Асака томонидаги йўлнинг икки томони таксилар билан тўла экан. Одамлар чегарага яқинлашганида автомашинадан тушади ва икки блокпост орасидаги 100 метрлик масофани босиб ўтиб, нариги вилоят таксичиларининг автоуловига ўтиради.

Андижон томон постни олиб ташлаган. Фарғона томонда турган пост ходимлари «юқори»дан келган буйруққа асосан ишлашаётганини айтишди.

«Бу ерни беркитишгани билан бошқа «объезд» йўллардан барибир қатнов бўляпти. Мен уйимни олдида ўтира олмаяпман, техника кўп ўтяпти-да. Одамлар сарсон бўляпти», – дейди йўловчилардан бири.

«Биз ҳозир манави ерга келиб, мана тушиб, у ёғига юз метр юриб, яна таксига чиқиб кетяпмиз. Фарғоналикман. Касалхонадаги синглимни кўргани кетяпман. Зарур бўлгани учун ўтади-да одамлар. Ёки ҳали вилоятлар ўртасидаги қатновлар тикланмадими?» – дейди бошқа бир йўловчи.

Шаҳрихон–Қува йўлида ҳам худди шу аҳвол. У ерда йўл берк ва Фарғона томонда блокпост ишлаб турибди. Аҳоли вакиллари ҳолатдан ҳайрон эканини билдиришди.

Маълумот учун, Андижон ва Наманган вилоятларни боғлаб турувчи йўлларга қўйилган ҳар икки вилоятнинг блок постлари олиб ташланган.

Аҳоли вакиллари Фарғона вилояти мутасаддиларидан ноқулайликлар туғдираётган муаммоли ҳолатни бартараф қилишларини сўрамоқда.

                                                                                            Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид