Жамият | 14:03 / 25.08.2020
40175
7 дақиқада ўқилади

Лондондаги ўзбек шифокори: Ҳатто бош вазир Борис Жонсон ҳам оддий шифохонада даволанди

Ўзбекистонлик шифокорлар дунёнинг турли нуқталарида фаолият юритадилар. Кимдир малака ошириш илинжида, кимдир хорижни кашф қилиш учун, яна кимдир ўз юртида қадр топмаганидан ўксиб олисга йўл олган.

Kun.uz сайти муштарийлари учун тайёрлаётган туркум суҳбатларимизнинг навбатдаги меҳмони Буюк Британияда меҳнат қилаётган тажрибали шифокор Фазлиддин Муродов бўлди.

– Ассалому алайкум Фазлиддин ака, аввало ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз.

– Жонажон Ўзбекистонимизга саломлар бўлсин. Мен, Фазлиддин Нуриллаевич Муродов Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманидаги Биринчи Қангли қишлоғида туғилганман. 1998 йилда ҳозирги Тошкент Тиббиёт академиясини тугатиб, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги марказий поликлиникада бир йил давомида интернатура ўтаганман. Сўнгра Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг ЛОР кафедрасида клиник ординатуранинг икки йиллик курсини 1-шаҳар касалхонасида ўтганман. Чилонзор туманидаги 29-оилавий поликлиникаси ва хусусий клиникада оториноларинголог врач бўлиб ишлаганман.

2016 йилда белгиланган имтиҳонларни топшириб, Буюк Британиянинг врачлик лицензиясини олиб, айни пайтда Lewisham University Hospital шифохонасида лор врач сифатида фаолият юритяпман.

– Нега айнан Буюк Британияни танлагансиз?

– Аслида ўрта мактабда немис тилида дарс ўтганмиз. Тиббиёт институтига ўқишга киргач, кўплаб дарсликлар, тиббиётга оид адабиётлар инглиз тилида бўлгани учун инглиз тилини қўшимча курсларга бориб мукаммал ўргандим. Мутахассисликни ўрганиш жараёнида инглиз тили орқали Буюк Британия тиббиёт соҳасида ривожланган энг илғор мамлакатлардан эканлигини билганман. Адабиётлардан шунингдек, Англия тиббиёт тизими энг ривожланган тизимлигини, бу давлатда шифокорлар обрў-эътибори, маошлари юқори даражада эканлигидан хабардор бўлдим. Менда шундай бир истак пайдо бўлди, яъни бу мамлакатда ишлаш лицензиясини қўлга киритсам, илмий ишлар қилсам, билимларимни оширсам, юртимизда тиббиёт соҳаси ривожланишига ўз ҳиссамни қўшардим, деб ният қилдим. Шу сабаб бу давлатга келганман.

– Ўзбекистон ва Буюк Британия тиббиёти ўртасидаги тафовутлар ёки ўхшаш жиҳатлар қандай?

– Ўзбекистон ва Буюк Британия тиббиёти ўртасида ўхшаш жиҳатлар кам. Тиббиётда худди Ўзбекистондаги каби диагностика бор, даволаш ишлари, дори-дармон орқали даволаш масалалари ўхшаш. Турли китоблар, тиббий адабиётлар кўп. Тафовутлар эса жуда катта. Тиббиёт соҳасида субординация, тиббиёт тизимининг структуралари бошқача. Буюк Британияда 1948 йилда миллий тиббий тизим ташкил этилган. Буюк Британияда яшайдиган фуқароларга бепул тиббий хизмат кўрсатилади. Тизим нафакат беморларни ташхислаб даволашни, балки касалликка чалинмаслик чораларини кўриб боради. Хусусий тиббиёт ҳам жуда сифатли хизмат кўрсатади, хусусий клиникалар ҳам миллий тиббий тизим асосида ривожлантирилади, шифокорлар ҳар иккала тизимда ишлайверади.

Давлат шифохоналарида ишлайдиган докторлар уч тоифага бўлинади, биринчи консультантлар – олий тоифали шифокорлар саналади, мутахассис врачлар ва мутахассислик бўйича малака оширишда бўлган докторлар - булар ўрта қатламли докторлар ҳисобланади. Юқори тоифадаги врачлар қуйи қатламдаги врачларнинг юқори поғонага чиқишига, малака ошириб, билимларини мустаҳкамлашига масъулдирлар. Агар бемор касалхонага ётса ўша кундан бошлаб то чиққунига қадар бўлган харажатлар тиббий тизим томонидан тўланади. Даволаниш уйда давом эттирилса, дори-дармонлар бепул равишда уйга бериб юборилади.

– Сир бўлмаса, қанча маош оласиз ва унинг қанчаси харажатларга кетади?

– Буюк Британияда маош сўралмайди. Бир хил ўринда, бир неча йиллардан бери бирга ишлайдиган шифокорларнинг маошлари хар хил бўлиши мумкин, бу иш стажига, билимга, бўлимда бажарадиган ишига, тажрибага боғлиқ. Шахсий маълумот бўлганлиги учун маошлар қанчалигини ишловчи ва иш берувчидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу ерда маошлар йиллик ҳисобланади. Менинг даражамда ишлайдиган врачлар маоши бир йилда тахминан 48-77 минг фунт стерлинг (65-100 минг доллар) атрофида бўлади. Бу пулдан 20-40 фоизи солиқларга олиб қолинади. Бундан ташқари навбатчиликда турсангиз алоҳида ҳақ оласиз. Ўзим бир ойда 4-5 марта тунги навбатчиликда тураман. Маошнинг асосий қисми ижара, уй тўловларига, кредит тўловига ишлатилади. Яна катта қисми озиқ-овқат, коммунал тўловларга, консуллик йиғимларига кетади. Болалар учун сарфлаймиз, яхши мактаблар, боғчалар, тўгаракларга тўлов қилинади.

– Ўзбекистонга қайтишдан сизни нима тўсиб турибди?

– Нима ниятда келган бўлсак, шу ният тўсиб туради. Дунёнинг илғор тиббиёт тизимида ўз соҳамни чуқур ўрганиш, ҳам оператив, ҳам диагностик, ҳам даволаш муолажаларини яхши ўрганишга ҳаракат қиляпман. Юртга қайтиб борсам аввало ишлайдиган жойимнинг шарт-шароитини тўғрилаш керак.

Яна бир нарсани айтиб ўтиш керакки, доим изланишдаман, соҳам бўйича янгиликларни ўрганяпман ва шу бўйича иш олиб боришни истайман. Ўзим туғилиб-ўсган жойда ишлатилмаётган туман тиббиёт бирлашмасига тегишли бинони хорижда ўзим кўрган, ўрганган тажрибани татбиқ қилишга, маҳаллий шифокорлар билан тажриба алмашиш масканига айлаништиришга ҳаракат қилдим. Аммо бу мақсадимга ҳокимият, туман соғлиқни сақлаш бирлашмаси, ССВ хайрихоҳлик билдирмади, мени қўллаб-қувватламади. Вақти-соати келса шу ишларни амалга ошириш ниятим бор.

– Коронавирус шароитида Буюк Британия тиббиёти қандай ишламоқда? Умуман, давлат бу синовга тайёрмиди? Сиз ўзингиз бу касалликка қарши курашга жалб қилиндингизми?

– Маълумки, коронавирус қўққисдан келиб қолди. Манаман деган давлатлар тиббиёт тизими ҳам шошиб қолди. Бутун дунёга тарқиб кетади деб ўйланмагани учун касаллик авжига чиққан пайтида касалларга жой етмай қолган ҳолатлар бўлди.

Буюк Британия тиббиёт тизими буни зудлик билан кўриб чиқди. Касалликка чалинганларни махсус жойларда даволашни йўлга қўйди. Ўша пайтларда даволаш учун қатъий инструкция ҳам йўқ эди, бу ҳам тезликда ишлаб чиқилди. Яъни махсус касалхоналарда ишлаган шифокорлар бу стандартларни ишлаб чиқди. Ҳар хил дорилар синаб кўрилди, даво чоралари кўрилди. Шифохоналарга беморлар тенг тақсимланди. Мен беморлар ётадиган махсус шифохоналарнинг ЛОР бўлимида, тез ёрдамда ишладим.

– Бу давлатдаги фаолиятингизга доир ва Ўзбекистон учун ноодатий бўлган бирор қизиқ воқеани сўзлаб берсангиз.

– Британия ва Ўзбекистон тиббиётида бир катта тафовут бор. Бизда “правительственная больница” дейиладиган тиббий масканлар ишлаб турибди, мен буни бир иллат деб ўйлайман. Собиқ иттифоқда ҳамма тенг ҳуқуқли деб бонг урган ҳолда давлат раҳбарларига, ҳукуматда ишлайдиганларга алоҳида эътибор кўрсатилган, аҳоли эса оддий шароитларда даволанган. Буюк Британияда бундай эмас, алоҳида касалхоналар йўқ, раҳбарлар касал бўлса, оддий касалхонада даволанади.

Мана қизиқ мисол – бош вазир Борис Жонсон ҳам коронавирусга чалинганида оддий шифохонада даволанди. Бунинг ўзига хос жиҳати, давлат раҳбарлари ҳам бевосита вазият билан танишадилар. Умуман, бу давлатда барча шифохоналар стандартлари бир хил, шаҳар, қишлоқ шифохонаси деган фарқларни сезмайсиз.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид