Ўзбекистон | 21:44 / 25.08.2020
20079
2 дақиқада ўқилади

«Мактабларда қатъий форма талаб қилинмайди» – вазир ота-оналардан ёппасига бозорга бормасликни сўради

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов янги ўқув йилини бошлаш масаласидаги матбуот анжуманида мактаб формаси масаласига тўхталди.

«Ота-оналардан бундан олдин ҳам бир неча марта илтимос қилган эдик, яна бир марта илтимос қилмоқчимиз. Ўқув йили бошланади, деб ҳамма эртага бозорга бориши керак эмас. Карантин чекловлари юмшатилгани билан вирус йўқолгани йўқ. Шунинг учун одамлар мактаб учун бозорлик қиламиз деб болаларини бозорга олиб бориши, ўзига, боласига ёки бошқаларга вирус юқтириши керак эмас», – деди халқ таълими вазири.

Вазирнинг айтишича, вилоят ҳокимликларига зарурий ҳолатларда октябрь ойига қадар мактаб ярмаркалари ташкил қилиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, Шерзод Шерматов жорий йил мактабларда форма қатъий бир хилда бўлиши керак деган талаб қўйилмаслигини маълум қилди.

«Ҳеч нарса, ҳатто давомат ҳам қатъий талаб қилинаётгани йўқ. Форма ҳам худди шундай: бу бўйича маълум тартибларга риоя қилинса, бўлди.

Мажбурий форма тўғрисидаги қарорни қабул қилиш вақти ҳам сурилган. Лекин форманинг ҳам ўзига яраша талаблари бор. Масалан, мактаб талабларига тўғри келмайдиган кийим билан ичкарига кириб бўлмайди.

Бирорта давлат мактаби бирор цехдан бориб форма сотиб олишни ўқувчиларидан талаб қила олмайди. Хусусий мактабларда эҳтимол ички тартиб-қоидасидан келиб чиқиб, бундай талаб қўйиши мумкиндир», – дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ мактабларни 14 сентябрдан очиш ҳақида таклиф берилгани, бу бўйича ота-оналардан сўровномалар олиниб, уларнинг фикрлари ўрганилиши хабар қилинганди.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид