Жаҳон | 08:56 / 26.08.2020
11184
2 дақиқада ўқилади

АҚШга «Лора» довули яқинлашмоқда. Юз минглаб одамлар эвакуация қилинмоқда

АҚШга яқинлашаётган “Лора” довули сабабли Техас штати ва унга қўшни Луизиана штатида юз минглаб одамлар ўз уйларини тарк этишларига тўғри келмоқда. 

Эвакуация ҳақидаги фармойиш Техаснинг Бомонт, Галвестон ва Порт-Артур шаҳарларидаги камида 385 минг кишини қамраб олади. Луизианада эса пастқам жойларда яшайдиган ундан ҳам кўпроқ одамлар ўз уйларини тарк этишларига тўғри келади.

Галвестон ва Порт-Артурда эвакуация қилиниш ҳақидаги буйруқ 25 август соат 6да кучга кирган. Вақтинчалик бошпаналарга йўл оладиган одамларга энг минимал миқдордаги шахсий буюмларни ва тиббий ниқобларни олиш тавсия қилинган. Порт-Артур мэри уйларида қолишга қарор қиладиган одамларни “ёлғиз қолишлари”дан огоҳлантирган.

Хьюстонда одамлардан эвакуация ҳолатига озиқ-овқат захираларини тайёрлаб қўйиш сўралган. Бу ерда аксарият одамлар 3 йил аввал юз берган “Харви” довули вақтида шикастланган уйларини ҳали таъмирдан чиқариб бўлишмаган.

Техас, Луизиана ва Миссисипида фавқулодда вазият эълон қилинган.

Довулларни кузатиш маркази мутахассисларининг таъкидлашича, “Лора” штатларга 26 август оқшомида ёки 27 август эрталаб ёпирилишдан олдин энг юқори даражадан битта олдинги – учинчи даражагача кучаяди. Довул соҳилга 185 км/соат тезлик билан урилади.

25 август эрталабки ҳолатига кўра, “Лора” Луизианадаги Чарлз кўлидан 940 км узоқликда жойлашган бўлган ва 26 км/соат тезлик билан ҳаракатланган.

Довул бунгача Кубадан, ундан аввалроқ эса Гаити ва Доминиканадан ўтган. Табиий офат Гаитида электр таъминотини издан чиқарган, кучли тошқинларга олиб келган ҳамда 20 кишининг ўлимига сабаб бўлган. Шунингдек, довул Доминиканада ҳам катта талафотларга олиб келган: дарёлар ўз қирғоқларидан тошган, кўчкилар юз берган, бир неча кўприк қулаган, 4 киши ҳалок бўлган.

Аксарият метеорологлар довул яқин вақт ичида фақатгина кучайишини айтишмоқда.

Мавзуга оид