Жамият | 14:56 / 27.08.2020
14524
6 дақиқада ўқилади

«Маҳалламизни газга улаб беринг» - Урганч тумани аҳолиси кўп йиллик муаммодан шикоят қилди

Хоразм вилояти, Урганч тумани, Юқорибоғ қишлоғининг «Бободеҳқон» маҳалласи аҳолиси газ таъминоти билан боғлиқ муаммонинг ҳал этилмай келаётганидан шикоят қилди. Маҳалла аҳли уч йилдан бери раҳбарлар ваъдаси бажарилишини кутмоқда.

Юқорибоғ қишлоғининг «Бободеҳқон» (олдинги «Сартовул») маҳалласи Урганч – Чолиш автомобиль йўли ёқасида жойлашган. 2013 йилда маҳалланинг бир қисми Вазирлар Маҳкамасининг «Хоразм вилояти истеъмолчиларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 193-қарорига биноан газ етиб бориши қийин бўлган ҳудуд деб топилиб, таъминотдан узиб ташланган.

Ҳозирги пайтда «Бободеҳқон» маҳалласининг 735та хонадонидан 170тасида газ бор. Қолган 565та хонадон вакиллари газ таъминотига улаб беришларини сўраб, эшик қоқиб бормаган жойлари қолмаган.

Маҳалла оқсоқолларидан бири, меҳнат фахрийси, 86 ёшли Сотимбой Шарипов газ таъминоти билан боғлиқ муаммо тўғрисида гапириб берди.

«2013 йилда маҳалламизнинг бир қисмини ҳеч қандай огоҳлантиришсиз газ таъминотидан узиб ташлашди. Кейин билсак, «газ етиб бориши қийин бўлган» ҳудудда жойлашган эканмиз. Магистрал газ қувурининг биздан олдинги ва кейинги қисмида жойлашган маҳаллаларда газ босими юқори бўлса, қандай қилиб газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудда жойлашган бўламиз?

Газ таъминотига улаб беришларини сўраб, Тошкентгача бордик. Аммо маҳаллий ҳокимлик ва газ идорасидан ҳеч қандай ёрдам бўлмади. 2017 йилда вилоят ҳокими газ таъминоти тикланишини ваъда берган эди. Бунгаям мана 3 йил бўлиб қолди, аммо ваъда бажарилмади», - деди Сотимбой бобо.

Табиий газ муаммоси маҳалла тадбиркорларини ҳам қийнаб қўйган. Қизларгул Эгамова хусусий болалар боғчасини очиб, йигирмадан ортиқ болани тарбияламоқда. У қишнинг совуқ кунларидаги муаммолар тўғрисида гапирди.

«Маҳаллада хусусий болалар боғчасини очганман. 25 нафар болани тарбиялаяпман. Шароитлар оғир, газ йўқ. Қишнинг совуқ кунларида хонани кондиционер ёрдамида бир амаллаб иситиб ўтирамиз.

Маҳалламиз атрофидаги ҳудудлар газ таъминотига уланган, босим ҳам баланд. Қандай қилиб ҳудудимиз газ етиб бориши қийин бўлган жой деб топилган, шуни ким тушунтириб беради?», - деди у.

Табиий газ муаммоси туфайли маҳалла аҳолиси таппи ва кўмирдан фойдаланмоқда. Суюлтирилган газ баллони ойда бир марта етказиб бериляпти. Ундан фақат овқат пишириш, сув қайнатиш учун фойдаланиш мумкин.

Йилнинг совуқ фаслларида уйларни иситиш учун кўмир ва ўтин ёқиляпти. Ўтган йили Қозоғистоннинг сифатли кўмирининг тоннаси аҳоли томонидан 640 минг сўмдан, Ўзбекистоннинг арзон, аммо сифатсиз кўмирининг тоннаси 325 минг сўмдан сотиб олинган.

Меҳнат фахрийларидан бири, 69 ёшли Отахон Жуманиязов сўзларига кўра, маҳалла газ таъминотидан  узилиши натижасида кўплаб бошқа муаммолар келиб чиққан.

«Оилада 10 жонмиз. Турмуш ўртоғим 1-гуруҳ ногирони. Қишда бир амаллаб, бир-икки хонани иситиб, қамалиб ўтирамиз. Шароитлар оғир. Таппи, кўмир ёқиш натижасида уларнинг сассиқ, бадбўй ҳиди ҳамма жойга тарқалади. Натижада нафас олиш қийинлашиб қолади.

Газ йўқлигидан дарахтлар ҳам кесиб ташланди ва ўтин қилиб юборилди. Маҳалладаги экологик вазият ҳам ёмонлашди.

Маҳалламиз газ таъминотидан нима учун узиб ташланганини тушунмаяпман. Бу ерда газ босими ҳар доим баланд бўлган. Суюлтирилган газ етказиб берилмоқда дейишади. Аммо ундан фақат овқат пишириш, сув қайнатишда фойдаланиш мумкин, хоналарни иситишнинг эса иложи йўқ», - деди у.

«Хоразм ҳудудгаз» МЧЖ «Урганч тумангаз» филиали бош муҳандиси Пўлат Раҳимов «Бободеҳқон» маҳалласининг табиий газ таъминотига улаш билан боғлиқ муаммоларни айтди.

«Бободеҳқон» (олдинги «Сартовул») маҳалласининг бир қисми 2013 йилда Вазирлар Маҳкамасининг «Хоразм вилояти истеъмолчиларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 193-қарорига биноан газ етиб бориши қийин бўлган ҳудуд деб топилиб, таъминотдан узиб ташланган. Бу қарор ҳозир ҳам ўз кучида, шу туфайли маҳаллани газ таъминотига қайта улашнинг иложи йўқ.

«Бободеҳқон» маҳалласи Урганч шаҳрига яқин бўлишига қарамай, Ғойбу қишлоғида жойлашган Урганч газ тақсимлаш станциясидан 16-17 км узоқликда жойлашган. Бу эса яқин масофа эмас.

Ҳозирги кунда маҳалла аҳолиси суюлтирилган газ билан имтиёзли нархларда мунтазам равишда таъминланмоқда», - деди Пўлат Раҳимов.

Албатта, табиий газга боғлиқ бўлган маиший қулайлик ўрнини таппи, кўмир, ўтин, суюлтирилган газ ёқиш орқали тўлдириб бўлмайди. Одамлар шикоятининг асл моҳияти ҳам шунда.

Сўнгги йилларда газ тақсимлаш станцияларида, магистрал қувурларда кўплаб таъмирлаш ишлари амалга оширилди, газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар бартараф қилинди. Балки аввал газ таъминотидан узилган ҳудудларни яна қайта улаш имконияти пайдо бўлгандир?

«Бободеҳқон» маҳалласи аҳолиси табиий газ билан таъминланишини, бу борада аввалги қабул қилинган баённомаларнинг қайта кўриб чиқилишини, табиий газ учун қўшимча лимит ажратилишини, куз-қиш мавсумида аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришига шароит яратиб берилишини раҳбарлардан сўрашмоқда.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид