Жамият | 19:21 / 29.08.2020
9848
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz’да эълон қилинган мақола қаҳрамонига ҳимоя ордери берилди

22 август куни Kun.uz сайтида «Турмуш қурганимдан бери эримдан калтак ейман. Ажрашмоқчи бўлдим, аммо...» – Бир аёл ҳикояси» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинганди. Унда самарқандлик бир аёл тақдири ҳикоя қилинганди. Аёлга турмуш ўртоғи томонидан доимий равишда жисмоний тазйиқлар ўтказилиб келинган. Бунга эрининг муттасил ичкиликка берилиб кетгани сабаб бўлган. Оиладаги иқтисодий қийинчиликлар ҳам ўртада жанжалларни келтириб чиқарган.

Ушбу мақола чоп этилгач, Самарқанд вилояти ИИБ масалага эътибор қаратиб, оиладаги муаммони ўрганишга киришди. Хабар берилишича, ҳақиқатан ҳам Қўшработ туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Э. турмуш ўртоғи О.Э.га жисмоний, руҳий тазйиқлар ўтказиб келган ва улар маҳаллада “нотинч оила” сифатида рўйхатда туришган.

Маълум қилинишича, Қўшработ тумани ИИБ бошлиғининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосари, майор С. Фозилов, Қўшработ тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг 1-ўринбосари С. Маҳмудова ва худудий профилактика инспектори, лейтенант Б. Норқулов иштирокида  О.Э.га SV-№0000182 рақамли ҳимоя ордери берилди.

О.Э ва Р.Э.ларга ҳимоя ордери ҳақида керакли тушунчалар берилди. О.Э.га яшаш ҳудудидан маҳалла мутахассиси мураббий этиб бириктирилди. Р.Э. Самарқанд вилояти Наркология диспансерига ўз хоҳиши билан даволаниш учун жойлаштирилди.

Ҳозирги кунда О.Э.га туман ҳокимияти билан ҳамкорликда “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида доимий даромадга эга бўлишга шароит яратиш мақсадида замонавий тикув машинаси олиб бериш чораси кўрилмоқда.

 Муҳаббат Маъмирова.

Мавзуга оид