Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Маркетинг илм соҳасига айланиб улгурди» — Финландиядаги ўзбек маркетолог билан суҳбат
Kun.uz'нинг «Хориждаги ўзбеклар» рукни остидаги навбатдаги суҳбатдоши – иқтисодиёт ва бизнес фанлари доктори Нодир Санақулов.
Нодир Санақулов Финландияда маркетинг тадқиқотчилиги бўйича илмий изланишлар олиб боради. У билан суҳбатда илмда босиб ўтган йўли, дунёда маркетинг тушунчаси, маркетинг илмининг бизнесдаги аҳамияти ҳақида сўз борди.
– Нодир ака, суҳбат аввалида ўзингиз ҳақингизда ҳикоя қилиб берсангиз. Ўзбекистондан чиқиб кетганингизга қанча бўлди? Қайси давлатларда таълим олгансиз, ҳозирда нима билан машғулсиз?
– Финландияда иқтисодиёт ва бизнес админстрацияси фанлари бўйича фан докторлигини ҳимоя қилиб, бир неча йилдан бери ишлаб-яшаб келяпман.
Асли самарқандликман, мактабни тамомлаб, СамДУ Кимё факультетида ўқишни бошлаганман. Ўша вақтлар илмга қизиққан ёшлар орасида чет элга чиқиш кучайган эди. 2-курсдалигимда Ҳиндистонга тўлиқ стипендияли ўқишга ёшларни олиб кетилиши ҳақида эшитдим. Шу танловга топшириб, грант ютиб олдим. Бу жуда қулай эди: ўқиш бепул, яшаш учун ҳам стипендия берилади.
2003 йилда Деҳли институтининг коллежларидан бирида ўқишни бошладим. Ундан кейин магистратурада ўқиш учун Жанубий Кореяни танладим, кореялик дўстим сабаб бўлиб бу давлатга бориш, таълим олишга қизиқдим. 2008-2010 йилларда Комбук университетида маркетинг бўйича ўқидим ва кейинги фаолиятим ҳам шу йўналишда кетди. Ўқишни тамомлаб, шу ердаги йирик компанияга ишга кирдим. Бир ярим йил ишлаган бўлсам, дарсда олган сабоқларимни амалиётда қўлланиши қизиқ туюлди ва докторантурада ўқишни режа қилиб бордим.
Менга нордик давлатлар ёқарди, шу сабаб Финландиядан докторантурада ўқиш учун университет изладим. Кейин бўлажак устозим, Финландиядаги университет профессорига магистрликдаги қилган ишларимни жўнатдим.
Докторлик унвонини олиб, Евроиттифоқнинг таълимга қаратилган лойиҳаларида қатнашдим, шунингдек, ҳозирда маркетинг менежментидан дарс бераман.
Кези келганда айтиб ўтай, Финландияда ўқишга эътибор кучли бўлгани учун, иш топишда кучли рақобатга дуч келасиз, сиз докторантурани тугатган бўлсангиз-да, бир ўринга ҳатто 25 нафаргача номзод тўғри келиши мумкин.
– Маркетинг илм ўлароқ нимани ўрганади? Маркетинг нега илм сифатида ўрганилади? Бу илм соҳаси Ўзбекистонда қай ҳолатда?
– Маркетинг бу – вақт ўтиши билан ўзгарадиган соҳа. Негаки, маркетинг деганда ҳар бир профессор ёки тадқиқотчи ўз тарифини беради. Ҳамма ўз фикр дунёқарашига қараб тариф беради, яъни ўз тушунчаси бўйича кўради.
Маркетинг соҳаси бўйича энг нуфузли ташкилот бу – Америка маркетинг ассоциацияси ҳисобланади. Бу ташкилот ҳар 3 йилда маркетингнинг янгиланган тарифини чиқаради. Чунки бу жуда ўзгарувчан бўлгани учун тез-тез янгиланиб боради. Маркетинг бўйича айтилган 20 йил олдинги гап ҳозиргига тўғри келмаслиги мумкин.
Илмий атамаларсиз, содда услубда айтганда, маркетинг бу – бирор бир товар, маҳсулот, хизматни сотишгина эмас, шу бирга, хизмат ва товарлардан фойдаланиб турган одамлар билан ҳар доим мулоқотда бўлиб туришдир. Чунки бир марта сотгандан сўнг у билан бошқа ишим йўқ дейиш маркетинг учун нотўғри ҳисобланади. Сиз ишлаб чиқарувчимисиз, истеъмолчи билан доим мулоқотда, алоқада бўлиб турасиз.
Ҳозирда ижтимоий тармоқлар ёки бошқа усуллар орқали истеъмолчилар билан алоқада бўлиш мумкин. Бу нима учун керак? Кейинги маҳсулотларни ишлаб чиқаришда, ўз маҳсулотининг фойдаланувчиларга қандай таъсир этганини билишда ҳозирда ундан фойдаланиб турган одамнинг фикри муҳим бўлади.
Маркетингда кўпинча ғарб давлатлари – Америка, Европа давлатлари; шарқда Япониядан жуда кўп ўрнаклар келтирилади. Маркетинг бу давлатларда шунчалик даражага борганки, алоҳида илм соҳасига айланиб бўлган. Бизга бу энди-энди кириб келяпти.
Маркетингнинг социологияга яқинроқ жиҳатлари ҳам бор. Кўпгина қоидаларни бирга ишлатамиз. Чунки маркетинг тадқиқотида биз инсоннинг маҳсулот ва хизматлар сотиб олишдан аввалги фикрини, бирор маҳсулот одамларда қандай ҳислар уйғотганини, нима учун шу хизмат ёки маҳсулотни сотиб олаётганини, унинг ҳаётида, ишида қанақа ўзгаришларга сабаб бўлганини ўрганамиз.
Мен бир илмий ишимда одамлар нима учун, қандай мақсадда смартфон ишлатади, деган саволларга жавоб излаганман, буни турли давлатлар мисолида ўрганганман. Нега десангиз, бу нарса турли жамиятлар ва одамларга қараб ўзгаради. Масалан, ғарбда инсонларнинг кундалик ишида ёки ҳаётида унумдорликни оширишга хизмат қилса, смартфон сотиб олади. Осиёда эса бироз ўзгача, атрофдаги одамлар мижозларга таъсир қилади. Аксарият ҳолатда, энг янги русумдагисини олади, лекин унинг техник жиҳатлари, имкониятлари ҳисобга олинмайди, шунчаки олиб юрса бўлди. Жамиятда смартфон ишлатиш статуси юқори туради, одамлар смартфон ишлатадими, демак, мен ҳам ишлатишим керак, деган тушунча бўлади.
Бу – менинг кичик изланишимдан мисол холос. Лекин юқорида айтганимдек, маркетинг – жуда мураккаб ва кенг, фақат маҳсулот ва хизмат сотиш эмас, ҳатто сиёсий партияларнинг ҳам маркетинг хизматларидан фойдаланиши маркетинг тадқиқотлари ва маркетинг соҳасининг қанчалар кенг миқёсини кўрсатиб турибди.
Энди Ўзбекистонга келадиган бўлсак, узоқ вақт мамлакатда бўлиб катта кузатувлар қилмаганман. Бу ҳақда гапиришга ўзимни муносиб деб билмайман, лекин баъзи кичик изланишларим бор ва шунга асосланиб фикр билдиришим мумкин. Ўзбекистонда маркетинг хусусида ҳали ҳам тўлиқ ва қониқарли тушунча йўқ. Маркетинг деганда фақат реклама қилиш, маълум бир маҳсулот ёки хизматни сотиш деб тушунилади.
Шундан кўриниб турибдики, маркетинг бошқа давлатларга нисбатан орқароқда. Маркетинг тадқиқотчилиги Ўзбекистон учун янги соҳа ҳисобланади.
Кичик-кичик фирма ва компанияларда маркетолог вазифаларини асосан фирма раҳбарининг ўзи бажаради, унда гарчи бу соҳада мутахассислик дипломи бўлмаса-да, ўз компанияси учун шу ишларни қилади. Йирик корпорацияларда эса маркетинг бўлимлари бу ишларни бажаради, 200-300лаб киши юқорида айтганим каби маркетинг бўйича изланишлар олиб боради.
Бундан ташқари, баъзи компаниялар маркетинг хизматларини сотиб олишади. Масалан, Жанубий Кореяда ишлаганимда Samsung қанчалар йирик ва кўп тармоқли компания бўлмасин, бизнинг фирмадан профессионал маркетинг хизмати сотиб олар эди. Чунки у ерда ҳам маркетингга илм сифатида қаралади.
Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.
Суҳбатнинг иккинчи қисмида фин миллати дунёқараши, характери, таълим тизимидаги ютуқлари, шунингдек, Финландия пандемияда қандай чоралар кўргани ҳақида сўз борди.
Мавзуга оид
00:36 / 28.05.2025
Финландияда руслар қурган қалъа 1 еврога сотилди
21:59 / 23.05.2025
Финландия парламенти бош котиби давлатга хиёнатда гумонланмоқда
01:36 / 19.05.2025
Трампнинг Путинга нисбатан сабри тугашни бошлади — Финландия президенти
21:39 / 28.04.2025