Ўзбекистон | 12:32 / 30.08.2020
31681
2 дақиқада ўқилади

Видео: Тошкент ерусти метроси илк йўловчиларини қабул қилди

Лойиҳалаштириш ишлари 2017 йилда бошланган Тошкент ерусти ҳалқа метросининг биринчи босқичи ишга тушди. Бугун, 30 август тонг соат 6:00дан ерусти метросининг «Дўстлик-2» бекатидан «Қўйлиқ» бекатигача бўлган йўналиши илк йўловчиларни қабул қилди.

«Дўстлик-2» бекатидан «Қўйлиқ» бекатигача бўлган йўналиш узунлиги 11 километр бўлиб, 7 та бекат барпо этилган. Биринчи бекатдан охиргисигача 19 дақиқада етиб олиш мумкин.

Йўналишда ҳар бири 4та вагондан иборат 4та поезд қатнайди. Инфратузилма кунига 46 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Бекатлар миллий колорит асосида, ўзига хос дизайнда қурилган. Улар йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўл кира ҳақини электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар, эскалатор билан жиҳозланган.

Лойиҳа амалга оширилиши президент Шавкат Мирзиёевнинг доимий назоратида бўлганини қайд этиш жоиз. Давлат раҳбари лойиҳалаштириш ва қурилиш жараёнлари билан бир неча бор бевосита танишиб, таклиф ва тавсияларини бериб борди.

Kun.uz мухбири пойтахт ҳаётидаги ўзига хос воқеликнинг илк онларини тасвирга муҳрлади.

Эслатиб ўтамиз, ерусти ҳалқа метроси 5та босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. 2-босқичда Қўйлиқ бозори билан ерости метросининг «Олмазор» бекати боғланади. Учинчи бўлиб «Беруний», ундан кейин «Бодомзор» бекатигача бўлган қисм қурилади. Сўнгги босқичда эса ҳалқа метро линияси яна «Дўстлик» бекатига уланади. Бу йўлларнинг жами узунлиги қарийб 55 километр, бекатлар сони эса 35 та бўлиши режалаштирилган.

Мавзуга оид