Ўзбекистон | 12:33 / 31.08.2020
11488
2 дақиқада ўқилади

«Бошлаган ишларимиз ортга қайтмас тус олган» – Президент сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик сиёсати ҳақида гапирди

Ўзбекистон ҳозирги мураккаб шароитга қарамасдан, зиммасига олган барча халқаро мажбуриятлар ва келишувларни тўлиқ бажариб келмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

«Тараққиёт кушандаси бўлмиш иллат – коррупцияга қарши мамлакатимизда кенг кўламда кураш олиб борилмоқда. Шу борада янги тузилма – Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этганимиз бу масаланинг долзарблиги ва доимий эътиборимизда бўлишидан далолат беради.

Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топтириш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошлаган ишларимиз ортга қайтмас тус олганини бугун яна бир бор таъкидламоқчиман.

Барчангиз хабардорсиз, ҳозирги мураккаб шароитга қарамасдан, биз зиммамизга олган барча халқаро мажбуриятлар ва келишувларни тўлиқ бажариб келмоқдамиз. Хорижий шерикларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқдамиз», деди Шавкат Мирзиёев. 

Президент коронавирусга қарши курашда амалий кўмак берган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига, шунингдек, Хитой, Россия, АҚШ, Туркия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Япония ва бошқа ҳамкор давлатларга ўзбек халқи номидан ташаккур изҳор этди.

Мавзуга оид