Ўзбекистон | 12:16 / 31.08.2020
46364
2 дақиқада ўқилади

Президент келажакда ўқитувчиларнинг ойлиги 1000 долларга етказилишини айтди

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ойлиги 1000 долларга етказилади. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида шу ҳақда айтиб ўтди.

«Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда 43та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг жами сони 121тага етди. Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун бир ярим миллионга яқин ёшларимиз ҳужжат топширди. Бу рақам ўтган йилга нисбатан 40 фоиз кўп демакдир. 

Бу кўрсаткичлар, аввало, фарзандларимиз ва уларнинг ота-оналари қалбидаги эртанги кунимизга, келажакка бўлган катта орзу-умид ва ишончдан дарак беради. Шу ўғил-қизларимиз яқинда кириш имтиҳонларини топширади. Келинглар, бўлғуси синовларда ҳамма фарзандларимизга омад ва зафарлар тилайлик!», деди давлат раҳбари.

Унинг таъкидлашича, ёш авлод тарбиясида ҳал қилувчи ўрин тутадиган боғчалар ва мактаблар тизимида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Президент мактаблари, ихтисослашган ва ижод мактаблари барпо этиш, «Замонавий мактаб» дастурини жорий этиш борасидаги ишлар ҳам узлуксиз давом эттирилмоқда. 

«Юртимизда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси тузилди. Ҳудудларда «Лойиҳалар фабрикаси» иш бошлади. «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури доирасида иқтидорли ва ташаббускор ўғил-қизларимизнинг 8 мингдан зиёд бизнес лойиҳаларига қарийб 1,7 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди», деди президент.

Давлат раҳбари келажакда ўқитувчиларнинг ойлиги албатта 1000 доллар эквивалентига етказилишини айтган.

«Фарзандларимизнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятларни яратиб бериш, бундан буён ҳам бош мақсад бўлиб қолади», дейди у.

Мавзуга оид