Тошкентда рейд: автомобилида кечаси баланд овоз чиқариб ҳаракатланувчи ҳайдовчиларга чора кўрилмоқда
Тошкентда тунги вақтда юқори тезликда ҳаракатланиб, баланд овоз чиқарувчи автотранспорт воситаларига қарши навбатдаги рейд ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
27 августдаги рейд аввалида ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов ЙПХ ходимлари билан учрашиб, топшириқлар берди.
«Шаҳарда тартиб бўлиши керак. Йўлларда қоидабузарлик бўлса, аниқлаб жойига қўйилиши зарур. Энг асосийси, мотоциклми, пропеллер, велосипед бўладими, бақирадиган ёки Porsche бўладими – бугундан бошлаб, баланд товуш чиқарадиган автотранспортлар воситаларининг ҳаммасини қатъий назорат қиласизлар.
«Ассалому алайкум, мен фалончи фалончи» деб ўзингизни таништириб, «ҳурматли ҳайдовчи, қоидабузарлик қилдингиз», деб жаримасини шарт-шарт ёзинглар. «Нега йўл қоидасини бузяпсиз», деб сўранглар. Вазиятни тўғри тушунтиринглар. Ҳозир кўп ҳайдовчилар ўз айбини бўйнига олмай, «ГАИ»ни айблайди. Йўлларда ҳаракатланиш тартибини назорати кучайтирилсин. Ким яхши ишласа, албатта мукофотлаймиз», – деди вазир ўринбосари.
Рейд давомида юзлаб автомобиль ва мотоцикллар тўхтатилиб, ҳайдовчиларга йўлларда ҳаракатланиш тартибларига риоя қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙХҲБ матбуот котиби Қаҳрамон Худойбердиев ҳайдовчиларда ҳаракатланиш маданияти юқори эмаслигини айтади.
«1 августдан 7 августгача бўлган вақт оралиғида карантин пайти бўлгани сабабли шаҳарда битта йўл транспорт ҳодисаси қайд қилинган эди. 15 августдан 22 августгача бўлган вақтда эса 17та автоҳалокат рўй берган, 3 киши вафот этган.
Биз учун ҳар бир ўлим изтиробли. Ҳар куни шундай ҳодисалар сабаб қаттиқ жароҳатланган, айрим ҳолларда вафот этган инсонларни учратамиз. Рақамларнинг ҳар бирини таҳлил қилиб борамиз. Айтишим керакки, биз йўлларда ҳаракатланиш маданиятини юқори даражага олиб чиқсак, ўйланган, кўзланган мақсадга эришамиз», – дейди Қаҳрамон Худойбердиев.
ЙПХ ходимларига кўра, бугунги кунда Тошкентда ҳайдовчилар томонидан светофорнинг ҳаракатни тақиқловчи қизил чироғига бўйсунмаслик, автомашинани маст ҳолатда бошқариш ёки белгиланган тезликни меъёридан ошириш ҳолатлари кўп учрамоқда. Аксарият йўл-транспорт ҳодисалари шу каби қоидабузарликлар оқибатида рўй бермоқда.
Мавзуга оид
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024