Жаҳон | 08:50 / 01.09.2020
15095
2 дақиқада ўқилади

Беларусь мухолифати янги партия ташкил этганини эълон қилди 

Беларусь мухолифатининг мувофиқлаштириш кенгаши президиуми аъзоси Мария Колесникова “Биргаликда” (Вместе) деб номланган янги партия ташкил этилганини маълум қилди. 

“Мен, Мария Колесникова ва Виктор Бабарико штаби аъзолари “Биргаликда” деб номланган янги партия ташкил этилишини эълон қиламиз. Яқин орада рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатлар топширилади. Биз бирлашиб, янада кучлироқ бўламиз”, деб айтган Колесникова видеомурожаатда.
       
Аввалроқ Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакатда президентга тобе бўлмайдиган тизим яратиш кераклигини айтганди.

Колесникованинг таъкидлашича, Беларусь ҳозирда “сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий инқироз ҳолатида бўлиб, мухолифат бу инқироздан чиқиш йўлини билади”. “Бугун биз янги, теран ва масъулиятли Беларусь жамиятини шакллантирмоқдамиз”, деб айтган мухолифатчи.

Видеомурожаатга, шунингдек, Беларусь президенти лавозимига собиқ номзод ва ҳозирда тергов изоляторида ушлаб турилган Виктор Бабарико мурожаати ҳам қўшилган. Видеомурожаат қачон ёзилгани номаълум. Унда Бабарико мухолифатнинг барча тарафдорларини бирлаштирувчи тузилма ташкил этиш зарурлигини таъкидлаб ўтган. 

“Биз кўзлаётган асосий мақсад ва вазифалар – ушбу ҳаракат муаммоларни ҳал қила олсин. Биринчи вазифа – конституциявий ислоҳот ўтказилишини таъминлаш. Бу вазифа бугунги кундаги энг долзарб вазифадир ва шу сабабли биз ушбу жараённи якунлашимиз лозим”, деб айтган Бабарико. Унинг таъкидлашича, иккинчи вазифа иқтисодий вазиятни яхшилаш устида иш олиб бориш ва одамларга ўз фуқаролик позициясини намоён қилиш имкониятини беришдан иборат.

Мавзуга оид