Ўзбекистон | 20:32 / 02.09.2020
24131
4 дақиқада ўқилади

Face-ID муаммолари, осонлашган тестлар, кечикаётган абитуриентлар — Тошкентдаги имтиҳонлардан видеорепортаж

2 сентябр куни соат 8:00да республика олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланди. Имтиҳонлар стадион ва хиёбонларда, икки сменада ўтказилиб, ҳар бир сменага 3 соат вақт ажратилмоқда. Эрталабки смена соат 8:00дан, кечки смена 17:00дан бошланяпти.

Имтиҳон ҳудудларида бир неча босқичли назорат пости ташкил этилган. Биринчи постда абитуриент ҳарорати ўлчаниб, қўллари дезинфекция қилинади. Кейинги пост ички ишлар назорат пости бўлиб, бунда абитуриентда имтиҳонга олиб кириш тақиқланган воситалар бор-йўқлиги текширилади. Сўнг абитуриентнинг шахси, ДТМ рухсатномаси текширилади. Охирги постда имтиҳонга кирувчиларга бир марталик қўлқоп ва янги ниқоб берилади.

Kun.uz мухбирлари Тошкент шаҳридаги имтиҳонларни кузатиб, жараён иштирокчилари билан суҳбатлашди.

Ирода Азаматова, «Aшхобод» сайилгоҳида ташкиллаштирилган имтиҳон ҳудуди сектор раҳбари:

– Бугун келиши мўлжаланган 1590 абитуриентнинг 95 нафари тестга келмади. Имтиҳонга кирувчи абитуриентлар бир марталик тиббий ниқоб, қўлқоп, ичимлик суви ва ручка билан таъминланади. Биринчи смена тугагандан сўнг, 12:00дан 14:00гача иккинчи смена учун дезинфекция ишлари олиб борилади. Ушбу ҳудудда имтиҳонга кириш жараёнида тақиқланган буюмларни олиб киришга уриниш ҳолатлари кузатилмади.

Ирода Азаматова

Бобур Юсупов, Талабалар хиёбони ҳудудига бириктилиган ДТМ ходими:

― Талабалар хиёбонида умумий 2та сектор ташкил этилиб, ҳудуд 2280 ўринга мўлжалланган. Бугун имтиҳонга қатнашиши керак бўлган абитуриентлардан 128 нафари тест синовларига келмади. Яна икки нафар абитуриент эса имтиҳон ҳудудига тақиқланган воситаларни олиб киришга урингани сабабли тест синовларидан четлаштирилди.

Бобур Юсупов

Низомиддин Очилов, «Пахтакор» стадионидаги сектор раҳбари:

― Имтиҳон жараёнларида кузатилган асосий камчилик – абитуриентларнинг ўз вақтида келмаганлигида бўлди. Aбитуриентлар кириш вақтининг охирига тақаб, кечикиб келишяпти. Қайд варақаларида кўрсатилган вақтдан кечикиб, паспортини унутиб қолдириб, абитуриент рухсатномасисиз келиш ҳолатлари ҳам учради. Бундай ҳолатларда биз абитуриентларга паспортларини олиб келишлари учун рухсат бердик.

Шунингдек, бугун айрим нозсозликлар сабаб юзни таниб олиш тизимидан фойдалана олмадик. Буни ҳал қилиш учун мутахассислар жалб қилинди. Иккинчи сменада абитуриентларни юзни таниб олиш тизими орқали имтиҳон ҳудудларига киритишга ҳаракат қиламиз.

Низомиддин Очилов

«Пахтакор» стадиони ҳудудида ташкиллаштирилган имтиҳон давомида абитуриентлар орасида танланган мутахассислик тили юзасидан тушунмовчиликлар келиб чиқди. Бу тушунмовчилик юзасидан ДТМ Чет тиллари бошқармаси бошлиғи Элвира Ураева изоҳ берди:

― Бизда абитуриент тилни танлаётганда инглиз тилими, хитой тилими – аниқ кўрсатади. Шарқ тилидан вариант саволлари фақат ўша шарқ тилида берилади. Шунингдек, тест ҳам ўша тил алифбосида берилади. Aбитуриент форс тилини кўрсатган бўлса, саволлар китобининг бошидан охиригача матн форс тилида берилган бўлади.

Элвира Ураева

Муқаддас Қурбоналиева, абитуриент:

― Биринчи марта имтиҳон топшираётганим сабабли бошида ҳаяжон бўлди. Пандемия бир томондан бизга ёрдам берди. Уйда ўтириб, эркинроқ тайёрланиш имкони бўлди.

Дурдона Исажонова, абитуриент:

― Беш йилдан буён ўқишга ҳужжат топшираман. Бу йил тестлар жуда осон бўлди. Кўриб ҳайрон қолдим. Жуда тез ишлаб чиқдим, ўқишга кираман деган умиддаман.

Рисолат Элмуродова, она:

― Ўғлим Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига топширяпти. Катта орзулари бор. Киришига умид қиламан. Икки йилдаб буён тайёрланмоқда.

Aбитурентлар орасида фарзанди билан бирга имтиҳон топшираётган ота-оналарга ҳам дуч келдик.

Шижоат Шарипова, она:

― Қизим Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга топширди. Ўзим ҳам имтиҳондан чиқяпман. Фарзандларимиз қатори биз ҳам кучимизни синаб кўрайлик, деган мақсадда топширдик...

Мавзуга оид