IMEI-кодлар можароси: Соҳа масъуллари кенгаш ўтказди
3 сентябрь куни Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва UZIMEI тизими оператори масъул ходимлари иштирокида ишчи учрашув ўтказилди, деб маълум қилди ИИВ ахборот хизмати.
Учрашувда хориждан келган фуқароларнинг шахсий маълумотлари ўғирланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги шикоятлар масаласи кўриб чиқилиб, тегишли чоралар белгилаб олинган.
Таъкидланишича, шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуни билан ҳимояланади.
Фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш МЖтКнинг 46-2-моддасига асосан, фуқароларга БҲМнинг 3-5 баравари, мансабдор шахсларга эса 5-10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўша ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, ёхуд бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирилиб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, ғаразли ёки бошқача паст ниятларда, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилса, ёхуд оғир оқибатларга сабаб бўлса, Жиноят кодексининг 141-2-моддасига асосан, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ички ишлар вазирлиги хориждан олиб келган мобиль қурилмасининг IMEI кодини рўйхатга қўя олмаётган фуқаролардан ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат қилишни тавсия этган.
Аввалроқ Давлат божхона қўмитаси ҳам шу масалада муносабат билдириб, тизимда тегишли текширув ўтказилаётганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, чет элдан келган бир қатор фуқароларнинг ижтимоий тармоқларда ёзишларича, улар чет элдан олиб келган телефонини uzimei тизимида рўйхатдан ўтказа олмаяпти. Чунки уларнинг паспорт маълумотларига аллақачон бошқа мобиль қурилмалар рўйхатга олинган бўлиб чиқмоқда.
Айни ҳолатда бир ёки бир нечта тузилмалар ходимлари четдан келган фуқароларнинг паспорт маълумотларини бегоналарга пуллаётган, улар эса шу орқали четдан телефонларни божсиз олиб кираётган бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
11:21 / 22.01.2024
IMEI’ни ноқонуний ўзгартириш ва нусхалашга жавобгарлик белгиланди
17:50 / 24.11.2023
Мобил қурилманинг IMEI кодини қонунга хилоф равишда ўзгартирганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
18:18 / 19.09.2023
Мобил қурилманинг IMEI кодини клонлаштирганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
17:21 / 26.08.2023