Жаҳон | 18:29 / 04.09.2020
5782
1 дақиқада ўқилади

Цукерберг АҚШда сайловдан сўнг тартибсизликлар юз бериши эҳтимоли ҳақида гапирди

Аввалроқ Марк Цукерберг ва унинг турмуш ўртоғи Присцилла Чан президент сайлови хавфсизлигини таъминлаш учун 300 млн доллар ажратганди.

Фото: Reuters

Facebook компанияси раҳбари Марк Цукерберг Axios нашрига берган интервьюсида АҚШда президент сайлови куни ва натижалар эълон қилиниши оралиғида тартибсизликлар юз бериши мумкинлигини айтди.

 "Овоз бериш ва натижаларни эълон қилиш оралиғида ёки ундан сўнг тартибсизликлар юз бериши эҳтимоли мавжуд ва биз сайловлардан кейин тартибсизликлар ва зўравонликлар содир бўлиши имкониятларини камайтириш учун бор имкониятимизни ишга солишимиз керак деб ўйлайман", - деди Цукерберг.

У аввалроқ Facebook 3 ноябрда бўлиб ўтадиган президент сайловидан бир ҳафта олдин сиёсий рекламани тўхтатишини маълум қилганди.

Бўлажак сайловларда амалдаги президент Дональд Трамп иккинчи муддатга сайланиш учун демократлар номзоди Жо Байден билан кураш олиб боради.

Ўтган ҳафтада Марк Цукерберг ва унинг турмуш ўртоғи Присцилла Чан АҚШ президенти сайлови хавфсизлигини таъминлаш учун иккита ташкилотга 300 млн доллар ажратганди.

Мавзуга оид