Ўзбекистон | 11:11 / 05.09.2020
10538
2 дақиқада ўқилади

ИИВ абитуриент қандай ҳолларда имтиҳондан четлаштирилишини ва унинг натижаси чиқарилмаслигини маълум қилди

Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, имтиҳондан олдин абитуриентларга тест ҳудудига тақиқланган нарсалар олиб кириш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирилган бўлса ҳам, ичкарига турли нарсалар олиб кириш ҳолатлари кузатилмоқда.

ИИВ абитуриентларга қай ҳолатларда имтиҳондан четлатилиши мумкинлигини яна бир бор эслатди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги” низомда тест топшириш тартиб-қоидалари белгиланган

Ҳужжатга кўра, абитуриент тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синовлари давомида фойдаланса, у имтиҳондан четлаштирилади.

Шунингдек, тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки ёрдам берса, уларни бинодан ташқарига олиб чиқса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса ёки тест синовлари учун ажратилган вақт тугаганидан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса, жараёнда видеокузатув орқали абитуриентнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса ҳам, тестдан четлаштирилиши ва унинг натижаси чиқарилмаслиги мумкин.

Эслатиб ўтамиз, имтиҳоннинг биринчи куни 59 нафар абитуриент, иккинчи куни эса 115 нафар абитуриент имтиҳондан четлатилган.

Мавзуга оид