Сенатнинг сайёр мажлиси: Сардоба сувлари уйини ювиб кетганларнинг айримлари ҳамон мактабларда яшашмоқда
Сирдарё вилояти ҳокимлигида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Сенат раиси Т. Норбоева олиб борган мажлисда “Сардоба” сув омборида юз берган техноген ҳалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 14–18 август кунлари Сардоба сув омбори ўпирилишидан талафот кўрган Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида амалга оширилган ишлар ўрганилди. Ўрганиш давомида бир қатор муаммо ва камчиликлар аниқланган.
Kun.uz мухбири хабарига кўра, аниқланган бу муаммо ва камчиликлар юзасидан Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов маъруза қилган. Ўрганиш натижаларига кўра:
Кўчирилган аҳоли ва таъмирталаб уйлар
Сардоба сув омборидан талафот кўрган Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларидаги 28 та маҳаллада жами 89 минг 450 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган. Бугунги кунга қадар булардан 74 минг 591 нафар (83,4 фоиз) аҳоли ўз яшаш манзилларига қайтарилди. Қолган 14 минг 559 нафари, шундан 13 минг 551 нафари кўчириш ҳудудларидаги аҳоли хонадонларида ва 1308 нафари 13 та муассасада бугунги кунга қадар яшаб келмоқда. Сув тошқини рўй берган 11 та маҳаллада 25 та аҳоли пункти, 6069 та кўчмас мулк объекти, 19,6 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин ерларига зарар етган. Бугунги кунда зарар етган 25 та аҳоли пунктининг барчаси сув ва чиқиндилардан тозаланган.
11 та маҳалладаги 25 та аҳоли пунктида 4710 та хонадонга талафот етган бўлиб, шундан 2211 таси яроқсиз, 2499 таси яроқли эканлиги аниқланган. Яроқсиз ҳолга келган 2211 та хонадонни уй билан таъминлаш мақсадида 2640 хонадонли 66 та кўп қаватли уй қуриш ишлари бугунги кунда 60 фоизга бажарилган.
Таъмирталаб бўлган 2499 та хонадонни таъмирлаш ишларига Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар томонидан 1850 та, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан 100 та, “Қишлоқ қурилиш инвест” томонидан 54 та, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан 44 та, “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси томонидан 11 та хонадонда бугунги кунда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий соҳа объектлари
9 та мактабгача таълим биноси, 16 та умумтаълим мактаби, 1 та касб-ҳунар коллежи ва 8 та соғлиқни сақлаш муассасаси зарар кўрган. Бу ҳудудларда биттадан мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаблари биносини қуриш учун республика бюджетидан 84 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Оқолтин туманидаги 10-мактабда 108 нафар, Сардоба туманидаги 6-мактабда 185 нафар, 21-мактабда 90 нафар, “Баркамол авлод” болалар мактабида 80 нафар талафотдан жабр кўрган, уй-жойсиз қолган аҳолининг ҳозирги кунга қадар яшаётганлиги натижасида ушбу мактабларнинг таъмирлаш ишлари кечиктирилмоқда.
11 та маҳалладаги 3 та масжид, 7 та қабристон талафот кўрган. Бугунги кунда қабристонларнинг барчаси тўлиқ тикланган. 2 та масжидда таъмирлаш ва 1 та масжидда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари кўрган зарар
10 та маҳалладаги 282 та тадбиркорлик субъектидан 143 тасининг (53 таси юридик ва 90 таси якка тартибдаги тадбиркор) мол-мулкига зарар етган. Тўлиқ зарар кўрган тадбиркорлар сони 34 нафар, қисман зарар кўрганлари 13 нафарни ташкил қилади. Шундан 32 тадбиркорлик субъектининг мол-мулки ўрнатилган тартибда баҳоланган ва бу 9,1 млрд сўмни ташкил қилади.
Қолган 111 тадбиркорга етказилган зарар бугунги кунга қадар аниқланмаган ва бу борада ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаган. Бу эса уларнинг турли давлат идораларига асосли мурожаат қилишларига сабаб бўлган.
Йўллар ва кўприкларга етказилган талафот
Вилоятда тошқиндан талафот кўрган, узунлиги 84 км бўлган умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари, 19 та кўприк, 100,4 км бўлган ички хўжалик йўллари таъмирталаб аҳволга тушган. Ҳозирги кунга қадар халқаро аҳамиятдаги йўлларнинг 25 км.дан 77 фоизи, давлат аҳамиятидаги 43 км йўлнинг 6 фоизида таъмирлаш ишлари олиб борилган. Шунингдек, 19 та кўприкнинг 17 тасида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Қишлоқ хўжалигига етказилган зиён
Тошқиндан талафот кўрган 3 та туманда 19 минг 592 гектар экин майдонлари зарарланган. 62 та фермер хўжалиги, 3 та кластернинг 9 минг 676 гектар пахта ва 5 минг 984 гектар ғалла майдонларига зарар етган. Ўрганишлар натижасида 2226 та хонадоннинг 31 минг 719 бош уй ҳайвонлари йўқолганлиги аниқланган.
Ирригация ва мелиорация масалалари бўйича, сув омборидан тўғридан-тўғри сув ўтувчи марказий тармоқ, ўнг ва чап тармоқ магистрал каналларининг 35,9 км. қисми зарарланган.Натижада Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ушбу каналларга боғланган жами 129,7 минг гектар қисмида сув таъминоти узилиб қолган. Ҳозирги кунда республика бюджетидан 32,5 млрд сўм ажратилган бўлиб, тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Аҳолининг ўрганилмаётган асосли мурожаатлари
Талафот кўрган 3 та ҳудудда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тизимли равишда ўрганилмагани оқибатида Олий Мажлис Сенатига мурожаатлар кескин ошганлиги қайд этилди.
Вилоят ҳокимлигига сув тошқинидан жабр кўрган 213 нафар жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 89 таси (88 фоизи) ижобий ҳал қилинган бўлса-да, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Сирдарё вилоятидаги қабулхонасига келиб тушган 59 та мурожаатнинг бор-йўғи 5 таси (8 фоизи) ижобий ҳал этилган.
Қолган мурожаатлар тегишлилиги бўйича ташкилотларга чиқарилиб, ҳал этиш чоралари кўрилмаган. Бунинг натижасида тадбиркорларнинг мурожаатлари сони ошган ва ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Талафот кўрган ҳудудларда жами 186 нафар оғир турмуш шароитида яшовчи аёллар, шундан 73 нафари ногирон, 12 нафари ёлғиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ишлар талаб даражасида бажарилмаган. Оғир турмуш тарзида яшовчи аёлларнинг 83 нафари ёки 44 фоизининг бандлиги таъминланган, холос.
Шуҳрат Юнусов тайёрлади.
Мавзуга оид
16:12 / 22.11.2024
Танзила Норбоева Россияда МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида иштирок этди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
13:10 / 17.11.2024
Ўзбекистон парламенти аъзолари Бокуда ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияда иштирок этди
22:55 / 16.11.2024