Ўзбекистон | 23:18 / 05.09.2020
24875
3 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари пахта теримига фуқароларни мажбурий жалб қилиш, тақиқланган болалар меҳнати ва теримчилар хавфсизлиги ҳақида

Бугун, 5 сентябрь куни АОКА биносида 2020 йилги пахта йиғим-терим ишларига тайёргарлик кўриш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда жараён бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берган мутасаддилар журналистларнинг қатор саволларига ҳам жавоб қайтарди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари томонидан фуқароларни бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам ва кўп болали оилаларга нафақа тайинлаб бериш ёки шу каби ёрдамлардан узиб қўйиш билан қўрқитиш орқали пахта-йиғим теримига жалб қилиш бўйича учраётган ҳолатлари ҳақида

Шу мазмундаги савол юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов жавоб берди.

Унга кўра, бу каби ҳолатлар аниқланганда вазирлик тезкорлик билан ўша ҳудудларда ўрганиш олиб боради.

«Ҳақиқатан ҳам бир-икки маротаба шу каби ҳолатларга йўл қўяётган савияси паст одамлар ҳам бўлиши мумкин. Лекин шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, кўнгилли равишда пахта тераман деб, теримга тушган одамнинг ҳар бирига биз 500 минг сўмдан берамиз. Бунда отрядларга раҳбарлик қилганларга эса 2 миллион сўмдан берилади.

Яъни одамларни нима биландир қўрқитиш орқали эмас, рағбатлантириш тизими орқали пахта йиғим-теримига жалб қилиш керак.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов

Давлатнинг бу талабини бузадиганлар эса жуда катта жазога тортилади», – дея Умрзоқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Болаларнинг пахта йиғим-терим ишларига жалб қилинмаслиги, бу борада улар ҳатто ота-онасига ҳам ёрдамлашиши мумкин эмаслиги борасида

Вазир ўринбосари бу борада Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш қонун йўли билан қатъий тақиқланганини таъкидлади.

«Бизда кўп болали оилалар бор. Айрим ота-оналар уларни кўпроқ пахта теради, дея теримга жалб қилади. Бу мумкин эмас. Қонун билан белгиланган. Болаларнинг меҳнат жараёнига бориши ота-онаси хоҳласа ҳам маън қилинади. Бунда ота-онани ҳатто жазолаш мумкин.

Қайтараман, Ўзбекистонда болалар меҳнати маън қилинган», – деди у.

Пахта йиғим-терими ишларига жалб қилинган фуқароларнинг тиббий хавфсизлиги (бу жараёнлар илк бор пандемия шароитида ташкил қилинмоқда) масаласида

Баҳодир Умрзоқовнинг шу мазмундаги саволга жавобан айтишича, жорий йилдаги пахта-йиғим терим ишлари Ўзбекистонда пандемия шароитларида ишни ташкил қилиш бўйича ишлаб чиқилган низом асосида ташкил қилинади.

 «Бунда эрталабки гигиена, овқатланиш ва бошқа жараёнлар ёзиб қўйилган.

Унга кўра, республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига жалб қилинган теримчиларнинг юзтасига битта ҳамшира бириктирилмоқда. Бу ҳамширанинг махсус хонаси ҳам бўлади. Ҳамшира эрталаб ва кечқурун барча ишчиларнинг ҳароратини ўлчайди, соғлиғини назорат қилиб туради.

Кеча бош вазир мана шу жараёнда керак бўладиган дори-дармонлар масаласи бўйича ҳам Санитария эпидемиология хизматига топшириқ берди», – деди вазир ўринбосари.

Мавзуга оид