Спорт | 22:40 / 06.09.2020
9089
2 дақиқада ўқилади

Терма жамоа ўйинини стадионда ниқобсиз кузатган Роналдуга танбеҳ берилди

Фото: AP / Miguel Angelo Pereira

Португалия терма жамоасининг ўйинини трибунадан ниқобсиз кузатиб ўтирган Криштиану Роналдудан ҳимоя воситасини тақиб олиши сўралди. Бу ҳақда Sport24 портали хабар берди

5 сентябрда Портудаги “Драгау” стадионида Миллатлар лигасининг Португалия ва Хорватия ўртасидаги учрашуви бўлиб ўтди. Роналду ари чақишдан кейинги инфекциядан даволанаётгани сабабли учрашувда иштирок эта олмаган. Бироқ Европанинг амалдаги чемпионлари жамоа етакчиси йўқлигига қарамай, 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабага эришишган.

Аммо Роналду стадиондан ўз терма жамоасини қўллаб-қувватлаб турган. Лаҳзалардан бирида учрашув оператори камера нигоҳини трибунада ўтирган Криштиануга қаратган. Айнан шу вақтда футболчининг ёнига стадион ходимаси келиб, ундан ҳимоя ниқобини тақиб олишни сўраган. 

Футболчи тавсияларга тезда амал қилиб, ёнида ётган ниқобни олиб, юзига таққан. Эътиборлиси, Роналдунинг атрофидаги барча одамлар ниқобда бўлган ва шу сабабли унинг ҳимоя воситасини тақмагани яққол кўзга ташланган.

Жорий ҳафта бошида Роналду ўнг оёғи бармоғида оғриқ сезган ва шу сабабли машғулотларни тўхташига тўғри келган. Аниқланишича, футболчида инфекция бўлган ва уни ари чақиши келтириб чиқарган. Португалия мураббийси Фернанду Сантуш ўйинчининг саломатлигини хавф остига қўйишни истамай, уни машғулотлардан озод қилган.

Португалия кейинги ўйинини 8 сентябрда Швецияга қарши ўтказади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид