Ўзбекистон | 19:13 / 07.09.2020
20945
5 дақиқада ўқилади

Андижон-Фарғона йўлидаги блокпостлар қачон олинади?

Бугун 7 сентябрь. Ўзбекистон ҳудудида карантин чекловлари юмшатилганига деярли бир ой бўляпти. Бироқ ОАВ неча бор бонг урган бўлса-да, Фарғона вилоятини Андижон ва Наманган вилоятлари билан боғлаб турувчи йўллардаги блокпостлар олингани йўқ.

Андижонни Фарғона билан боғлаб турувчи асосий Асака-Қува ва Шаҳрихон-Қува йўлларидан бетон тўсиқлар олинмади ва транспорт қатнови ҳали тикланмади. Бундан ташқари, Наманган ва Фарғона ўртасидаги Улуғнор туманидаги йўл ҳам тўсилганича турибди. Ваҳоланки, 15 августдан мамлакатда шаҳарлараро жамоат транспорти алоқалари ҳам тикланганди.

Вилоятлар ўртасидаги йўлдан транспорт воситалари ўта олмаётгани аҳолини сарсон қилиб қийинчиликлар туғдирмоқда. Мазкур муаммо оқибатида уч вилоятда тадбиркор, деҳқон ва ишлаб чиқарувчилар катта зарар кўрмоқда. Ҳозирда уларнинг Фарғонага ўтиши учун ёки фарғоналикларнинг Андижон ва Наманганга бориши учун 130 километр ортиқча ҳаракатланиб, Ўш-Тошкент йўли билан Бўстон-Ёзёвон пости орқали ўтишмоқда.

Kun.uz сайтида ҳам мазкур муаммоли ҳолат бўйича бир неча марта чиқишлар қилинди. Бироқ, Фарғона мутасаддилари халқни қийнаб келаётган муаммони ҳал қилишганича йўқ.

Туман ҳокими: «Вилоятлар чегарасида йўл таъмири кетяпти. Ишлар яқин орада тугатилади»

Фарғона вилояти ҳокимлиги масъуллари мазкур ҳолатга Қува тумани ҳокимлигидан батафсил изоҳ олиш мумкинлигини айтишди. Қува тумани ҳокими Равшанбек Қурбонов масала юзасидан изоҳ берди.

«Айни пайтда Асака ва Қува туманларининг чегара ҳудудига яқин бўлган йўлнинг 7 километри, Шаҳрихон-Қува йўлининг 5 километр ҳудудида мукаммал таъмирлаш-асфальтлаш ишлари кетмоқда. Йўл билан биргаликда унинг атрофидаги бетон ариқчалар ва тротуарларни ҳам янгилаяпмиз. Ҳудудда Қува туман «Йўллардан фойдаланиш» унитар корхонасининг 70 нафар ишчиси ва техниклари иш олиб боряпти. Бундан ташқари, вилоят ташкилотидан юборилган иккита махсус техника ҳам ёрдам бермоқда. Йўлни таъмирлаш ишлари қизғин олиб бориляпти. Агар мана шу суръатда иш олиб бориладиган бўлса, беш-олти кунда ишлар якунига етиб қолади.

Ҳозир бор кучни Асака-Қува чегарасидаги йўлга қаратганмиз. Ҳудуддаги ишлар якунига етиши билан Шаҳрихон-Қува йўлига ўтамиз. Транспорт воситалари ҳаракати чекланганининг - сабаби мана шу йўллардаги таъмирлаш ишлари олиб борилаётганида. Ишлар якунига етгач, йўлнинг очилиши масаласини тегишли мутасаддилар кўриб чиқади», дейди туман ҳокими.

Мутасадди йўл таъмирлаш ишлари кетаётгани ҳақидаги фотолавҳаларни тақдим этди.

Хулоса ўрнида

Мазкур масала юзасидан Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати баёнот берган. Унда ижтимоий тармоқлардаги «Фарғона вилояти ҳокими томонидан Андижон вилоятининг экспорти ҳажмини камайтириш мақсадида Қува йўллари беркитилганми?», деган саволга жавоб берилган. Баёнотда Қува туман «Йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси вакили Равшанбек Ўктамов 25 километрлик 4R 112 Фарғона ҳалқа йўлининг иккита ҳудудида режалаштирилган таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ва йўл карантин чекловларига эмас, балки таъмирлаш ишлари сабаб беркитилганини айтади. Маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам йўлларнинг ҳолати ёмон бўлиб кетгани учун таъмирлаш ишлари кетаётганидан миннатдорлигини билдиришган.

Мазкур йўл берк туриши Андижон вилояти экспорт ҳажмига қай даражада салбий таъсир ўтказиши мумкинлигига ойдинлик киритиш учун Асака туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги мутасаддилари билан боғландик.

Улар Андижоннинг Асака, Хўжаобод туманларида етиштирилган мева-сабзавотлар Қува ва Олтиариқ орқали чет элга чиқиб кетишини тасдиқлашди. Бундан ташқари, Андижон вилоятининг сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари ҳар куни Фарғона вилоятидаги кўплаб мижозларига маҳсулот етказиб беришда қийналмоқда.

Қува йўли ёпиқлиги сабаб деҳқон ва тадбиркорлар яқин йўл ўрнига 130 километрлик йўлни босиб ўтишга мажбур бўлишмоқда. Йўллар транспорт қатнови учун ёпиқ туриши ҳар икки томон аҳолиси ва ишлаб чиқарувчилари учун ёмон ҳолатдир.

Бизни таажжубга солгани - одатда автомобил йўллари таъмирланганида қатнов қисмининг аввал бир тарафи таъмирланиб, иккинчи томонида ҳаракат давом этаверарди. Фарғонадаги ҳолат эса бошқача...

Қува тумани ҳокими айтганидек, яқин беш-олти кунда йўлни таъмирлаш ишлари якунига етишига умид қиламиз...

Элмурод Эрматов

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид