Жамият | 21:03 / 07.09.2020
30742
7 дақиқада ўқилади

«Бахтнинг биринчи шарти – ўз-ўзини алдамаслик» — Абдукарим Мирзаев билан суҳбат (2-қисм)

Ўз услуби, ўз йўналишига эга фаол влогерлардан бири – Aбдукарим Мирзаев ўзининг кичик ҳикоялари орқали ижтимоий тармоқларда кўплаб мухлислар орттирмоқда.

Ўтган ҳафтада Абдукарим Мирзаев билан интервьюнинг биринчи қисмини тақдим этган эдик. Бугун суҳбатнинг иккинчи қисмини муштарийлар эътиборига ҳавола этамиз.

– Шу вақтга қадар ҳеч ким сизга бермаган, аммо сиз гапиришингиз керак бўлган савол ёки мавзу бўлганми?

– Гапирилаётган ҳикоялар бўлсин, мулоҳазалар бўлсин, буларнинг ҳаммаси ҳеч ким менга бермаётган, аммо мен гапиришим керак бўлган мавзулар. Ўзим хоҳламасам ҳеч нарсани маромига етказолмайман.

Нега саволимга жавоб бермайсиз, нега саволимга жавоб бермайсиз дейишади. Мен айтдимки, дўстлар мен нима гапиришни истаётган бўлсам, гапиряпман. Гапирмаяпманми, демак, мен бу мавзу ҳақида гапиришни хоҳламаяпман. Хоҳ видео бўлсин, хоҳ аудио маҳсулот бўлсин, буларнинг барчаси ҳеч мажбуриятларсиз ич-ичимдан истаган мавзулар. Ва бундай мавзулар жуда ҳам кўп.

– Инсон учун энг фойдали ва энг хавфли уч одат?

– Ўзини алдаб яшамаслик – мен учун ҳаётимнинг энг биринчи шарти. Нима йўқотган бўлсам ҳам, ўзимни алдамаганим учун йўқотдим. Нимани топган бўлсам ҳам, ўзимни алдамаганим учун топдим. Инсон ҳар кимни алдаб яшаши мумкин, аммо ўзини алдаб, бирон нарсаларга овутиб, ишонтириб, кўндириб яшаётган бўлса, ўша инсон, жуда ҳам бахтсиз инсон.

Сиз айтаётган учта нарса ўрнига ҳам мана шу ростликни қўйган бўлар эдим. Ҳар бир муносабатда ростлик. Ибодатдан тортиб таомланишгача, фарзандингиздан тортиб одамлар билан ўртангиздаги муносабатгача ростлик. Ростгўйлик, ўзини алдаб яшамаслик – бахтли яшашнинг биринчи шартидир.

Aбдукарим Мирзаев

– Ҳар замон ва маконнинг ўз идеаллари бўлади ва одамлар шуларга эргашади. Инсонни тафаккур қилишга чорловчи инсон сифатида бунга қандай қарайсиз? Замонавий адабиётимизда, санъатимизда бугунги кун идеаллари, ижодкорлари борми?

– Aгар кимдир ҳаёти бир қадар қийинчиликда қолса ҳам, фарзандларини ўйлаб, миллатининг, давлатининг келажагини ўйлаб, лойиқ бўлмаган ўрнини лойиқ бўлганларга бўшатиб бераётган одамлар – бугунги кун қаҳрамонларидир.

Чунки бундай одам ўзи кўникиб қолган, тайёр бир жойдан келиб турган, уни ейишга ўрганиб қолган ҳаётидан воз кечиб, оғирроқ, қийинроқ ҳаётни танлаётган бўлиши мумкин. Унинг бу қилган ишини миллати учун, халқи учун катта фидойилик, деб биламан. Буни қоровулдан тортиб, энг катта мансабдоргача олаверасиз. Бу ҳаммага тегишли. Ким бу ишни қила олаётган бўлса, миллатнинг қаҳрамони ўшалардир. Яна қайтараман: лойиқ бўлмаган ўрнини лойиқ бўлганларга бўшатиб бераётганлар – энг катта қаҳрамонлар.

– Сизнинг идеалларингиз борми?

– Яхши кўриб китобларини ўқийдиган адибларим бор. Халқимиз, миллатимиз ўқиши керак бўлган китоблар бор. Шундай китоблардан бири – Григорий Петровнинг Финландия ҳақида ёзилган «Оқ нилуфарлар ўлкаси» асаридир. Бу асар – ботқоққа ботиб қолган финларни қандай қилиб гуркираб кетгани ҳақидаги тарихий китоб. Китобни ҳамма ўқиб чиқиши керак деб ўйлайман.

Мен ўзим бирор нарсага фанат эмасман. Яъни ўзимни жуда ҳам кўп тарозига тортаман. Ҳар бир айтаётган гапимни қайта-қайта таҳлил қиламан. Ҳеч бир ғояга ошиқлигим йўқ.

Бугун жамиятни, ўсиб келаётган ёш авлодни китобсизликдан, илмсизликдан қандай қутқариб қолиш мумкин?

– Бир жамиятни мунаввар, ойдин ҳолда сақлаб туриш учун давлат, албатта, куч сарфлаши керак. Пул сарфлаши шарт. Aгар давлат бу ишни қилмаса, жамият ичидан қўл билан саноқли ойдин одамлар чиқади. Бу – немис файласуфи Кантнинг фикри.

У айтадики, бир жамиятни тубдан ўзгартириш, ўстириш учун давлат буни қаттиқ исташи керак. Бугун бизни давлатимиз буни, албатта, истаяпти. Фақат бугунга етарлича эътибор кўрсатилмаяпти. Масалан, бир қўшиқ тарғиботи учун сарфланаётган пулдан бир китоб тарғиботи учун сарфланаётган пул жуда камдир. Мен ҳали бирон бир китобни қайсидир жойда реклама қилинганини кўрмадим. Мисол учун, Туркияда метрода юрасизми ё кўчадами, қаерга қарасангиз ҳам янги чиққан китоб рекламалари бор.

Кеча бир китобни қўлимга олдим. Ишонасизми, ҳали ёзилганига ўн йил бўлмаган бу китоб 128 марта нашрдан чиққан экан. Қизиқ томони, бу китоб суҳбатлар асосида ёзилган. Бизда бундай китоб қачон ёзилган? Бирон бир китобни қўлингизга олсангиз, эллик марта нашрдан чиққан бўлади. Буларни биздан кўра ҳаёти тезроқ, вақти тиғизроқ, интернет оламини гапирмасак ҳам бўлади, аммо китоб ўқишга вақт топишади. Чунки шусиз мумкин эмас, деб ўйлайди. Яъни кимдир шуни ўқиётган бўлса-ю, мен ўқимасам, кимдир шу билимни эгаллаётган бўлса-ю, мен эгаллай олмасам, ҳаётим издан чиқиб қолиши, бу тапир-тупир замонда оёқости бўлиб кетишим мумкин, деб ўйлайди-да.

Нима учун маддоҳлик фазилат даражасига кўтарилиб қолди?

– Маддоҳлик битта ўриндан бошқа ҳар қандай ўринда қораланади. Aгар ким буни қилаётган бўлса, ёмонлик ичидадир. Ҳаёт уни, албатта, жазолайди. Фақат бир ўриндагина у жазосини олмайди. Эр-хотин бир-бирига нисбатан маддоҳ бўлса бўлаверади. Бошқа ҳеч бир ўринда, ҳатто, фарзандларга бўлган муносабатларда ҳам бу ўринсиздир. Маддоҳлик шивирлашиб гаплашиш даражасидаги одамлардан бошқа ўринларда қўлланяптими, демак, бу катта хато ва жазоси тайин бўлган иш.

Маддоҳлик қилаётганлар шуни билсинки, мақталувчи кимнидир жазолаши керак бўлса, ўша маддоҳни жазолайди. Оёқ артилиши учун бирон инсон керак бўлиб қолса, ўша билан артади.

Суҳбатнинг иккинчи қисмини юқоридаги видео орқали тўлиқ кўришингиз мумкин.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.

Мавзуга оид