Ўзбекистон | 20:24 / 07.09.2020
3674
4 дақиқада ўқилади

Почта жўнатмалари орасида сифати кафолатланмаган 333 қути дори воситаси аниқланди — божхона хабарлари

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ахборот берди.

«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплексининг «Авиаюклар» ТИФ божхона пости ходимлари хориждан келтирилган почта жўнатмаларини ўрнатилган тартибда «Rapiscan» рентген аппарати ёрдамида божхона кўригидан ўтказишди.

Текширув давомида 18 нафар фуқаро номига юборилган почта жўнатмалари орасида тегишли божхона декларациясида кўрсатилмаган умумий қиймати 67 млн сўмлик 333 қути сифати кафолатланмаган дори воситалари борлиги аниқланди.

Мазкур дори воситалари Божхона кодексининг 167-моддасига биноан юк кузатувчи, яъни тижорат ҳужжатларида тўлиқ кўрсатилиши керак эди. Аммо, ҳужжатларда акс эттирилган маълумотлар ва товарлар ўртасида номувофиқлик бўлганлиги сабабли улар шахсий эхтиёж учун эмас, аксинча тижорат мақсадида олиб кирилган деб топилди ва ҳозирда ушбу дори воситалари «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан вақтинча сақловга олиниб, терговга қадар текширув харакатлари олиб борилмоқда.

Вазирлар Махкамасининг 2016 йилдаги 191-сонли қарорига мувофиқ, жисмоний шахслар яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатни тақдим этмасдан, шахсий фойдаланиш учун турли номдаги 10тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситаларини олиб киришга ва олиб чиқишга ҳақли.

Биофаол қўшимчаларинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари фуқаро М.А. бошқарувидаги «Нексия 3» русумли автомашинани белгиланган тартибда кўздан кечиришди.

Натижада, автомашина ичида сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 100,3 миллион сўмлик 601 дона хорижда ишлаб чиқарилган «SamyunWan» номли биофаол қўшимчалар борлиги аниқланди.

Қашқадарёда гиёҳвандлик воситаларини яширинча етиштираётган шахс фош бўлди

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Б.Х.нинг яшаш хонадони ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, ушбу шахс томорқасидаги полиз экинлари орасида гиёҳвандлик ўсимлигини ноқонуний тарзда парваришлаб келаётгани аниқланди.

Вилоят ИИБнинг тегишли хулосаларига кўра, ушбу гиёҳвандлик воситалари таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳванд моддаси бор бўлган «каннабис ўсимлиги» эканлиги ва оғирлиги 1689 грамм эканлиги маълум бўлди.

Навоийда гугурт қутисига солинган марихуанани олиб кетаётган фуқаро аниқланди

Навоий вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилиб, «Матиз» русумли автомашина тўхтатилди ва назоратдан ўтказилди.

Натижада, автомашинада йўловчи сифатида ҳаракатланиб кетаётган фуқаро Қ.Х.нинг ёнида 1 дона гугурт қутисига солинган ҳамда 1000 сўмлик купюрага ўралган, умумий оғирлиги 8,94 грамм бўлган «марихуана» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлишига оид муносабатлар «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилдаги «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан тартибга солинади.

Мазкур қонун ҳужжатларига асосан, Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият, жумладан, уларни олиб кириш ва олиб чиқиш, тақсимлаш, ишлаб чиқиш, тайёрлаш, йўқ қилиш, шунингдек, таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш фаолияти фақатгина юридик шахслар томонидан лицензия асосидагина амалга оширилиши белгиланган.

Мавзуга оид