Ўзбекистон | 20:17 / 10.09.2020
60112
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокорига нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори, Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Гулжаҳон Йўлдошева коронавирусга чалинган оғир аҳволдаги бемор ўлимига сабабчи бўлишда айбланмоқда ва унга нисбатан «Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик» моддаси бўйича жиноий иш очилган. Бундан ташқари, у 250,8 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилишда ҳам айбланмоқда ва ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.

«2020 йил 10 август куни фуқаро Ш.Минбаев Чирчиқ шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида икки томонлама пневмония ва Covid-19 ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган қариндоши Ф.Рустамов 01.08.2020 йилда Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилгани ва 02.08.2020 йилда унинг соғлиғи ёмонлашиб вафот этгани, шу сабабли айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

Аниқланишича, бемор Ф.Рустамовнинг соматик ҳолати оғирлиги, унда нафас етишмовчилиги мавжудлиги ва реанимацион муолажаларга муҳтожлигига қарамасдан Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокорининг кўрсатмаси билан ушбу бемор оғир аҳволда вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилган. 

Шу билан бирга, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида Ф.Рустамов номига юритилган касаллик тарихида бемор Covid-19 касаллигидан тўлиқ тузалгани ҳақида сохта маълумот киритилган.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбири давомида жами 250,8 млн. сўм бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилингани аниқланди.

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Г.Ю. бир неча марта терговга чақирилганига қарамасдан узрли сабабларсиз кўрсатилган муддатларда келмаган.

2020 йил 8 сентябрь куни шифохона бош шифокори Г.Ю. мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилди», дейилади хабарда.

Айбланувчи тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланган.

  • Бундан аввалроқ Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори 8 сентябрь куни ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Мавзуга оид