Ўзбекистон | 20:25 / 11.09.2020
8460
2 дақиқада ўқилади

Мансабдор шахсларнинг қонуний ҳаракатидан етган зарарларни ҳам қоплаш белгиланиши мумкин

Ўзбекистонда давлат органларининг нафақат ноқонуний, балки қонуний хатти-ҳаракатлари натижасида фуқароларга зарар етказилган ҳолларда ҳам зарар қоплаб берилиши тартиби жорий этилиши мумкин. Бу – янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасига киритилган.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминов маълум қилди.

«Бугунги қонунчилик бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг фуқароларга етказилган зарари фақат ноқонуний ҳаракатлари орқали келиб чиққан бўлсагина қоплаб берилади. Яъни ҳокимият ёки бошқа давлат идораси қайсидир ҳаракати билан фуқарога зарар етказса, ушбу ҳаракат ноқонуний деб топилсагина, зарар ундирилиши мумкин. Хорижий тажрибани ўрганганимизда шунинг гувоҳи бўлдикки, кўплаб мамлакатларда амалдор қонуний ҳаракати билан зарар етказса ҳам, давлат зарарни тўлаб бериш мажбуриятини олар экан.

Ушбу масала ҳам кодекснинг янги лойиҳасида ўз аксини топган», – деди Аъзам Мадаминов 10 сентябрь куни Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳасига бағишлаб АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида.

Маълумот учун, амалдаги Фуқаролик кодексининг 15-моддасига кўра, давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат қабул қилиниши, шунингдек улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қопланиши лозим.

Мавзуга оид