Ўзбекистон | 08:05 / 11.09.2020
19715
4 дақиқада ўқилади

Пульмонолог: Боланинг нафас йўлларида касалланиш кузатилса, уни боғча ё мактабга юбормаслик керак

Ўзбекистонда болаларда ўпка касалликлари кўпайишига бир неча омиллар сабаб бўлмоқда. Боланинг шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилмаслиги, ҳимояловчи воситаларни тўғри ишлатмаслиги – ана шундай омиллар сирасига киради, дейди ССВ болалар бош пульмонологи Фурқат Шамсиев.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош пульмонологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фурқат Шамсиев вазирлик ахборот хизмати билан суҳбатда бўлди. Интервьюда ёш болаларнинг ўпка касалликлари билан касалланиш сабаблари, болаларни қанча вақт оралиғида пульмонолог назоратидан ўтказиб туриш кераклиги ҳамда мавзуга оид бошқа долзарб саволларга жавоблар берилган.

— Ўзбекистонда ёш болаларнинг ўпка касалликлари билан касалланиш салмоғи нисбатан юқори экан, бунга сабаб нима ва бу ҳолатнинг олдини олиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Ўзбекистонда болаларда ўпка касалликларини кўпайишига бир неча омиллар сабаб бўлмоқда. Биринчидан, ҳаво-томчи йўли билан юқадиган вирусли инфекциялар кўпайган вақтда болани шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилмаслиги, ҳимояловчи воситаларни тўғри ишлатмаслиги.

Ота-оналар томонидан фарзандини уйда тўғри даволамаслиги, касал бўлса ҳам боғча, мактабларга юбориб бошқа соғлом болаларга инфекцияни юқтириши, болада сурункали инфекция ўчоқларини вақтида бартараф этмаслиги, тўғри овқатлантирмаслик, боланинг руҳий зўриқиши, чиниқмаслик, кам ҳаракатлилик, узоқ вақт ёпиқ хоналарда ўтириши ва вирусли касалликлар эпидемияси вақтида вакцинация қилинмаслиги касалланишнинг кўпайиш сабабларидан деб ўйлайман.

Бу ҳолатни олдини олиш учун ота-оналар фарзандига шахсий гигиена қоидаларини ўргатиб, ҳимояловчи воситалар билан таъминлаб, уларни қўллашни ҳам ўргатиши керак. Тўғри овқатлантириш, чиниқтириш, ҳаракатларини кўпайтириш ва ўз вақтида вакцинация ишларини олиб бориш зарур, деб ўйлайман.

— Ота-оналар болаларни қанча вақт оралиғида пульмонолог назоратидан ўтказиб туришлари керак?

— Болада нафас олиш аъзоларидан шикоят бўлмаса, бир йилда бир марта болалар пульмонологи томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. Агар болада нафас олиш аъзоларининг ўткир ёки сурункали касалликлари бўлса, унда участка шифокори томонидан белгиланган режа асосида болалар пульмонологи кўригидан ўтиб, маълум вақт тиббий назоратда бўлиши керак.

— Нафас аъзолари енгил касалланган болалар ҳам боғча ва мактабларга қатнайдилар. Асосий вақти уйдан узоқда ўтади...

— Аввало, нафас аъзолари касалликлари билан касалланган болаларни ота-оналар мактабгача таълим муассасаларига ва мактабларга юбормасликлари лозим, чунки енгил касалланган бўлса ҳам улар юқумли ҳисобланадилар. Бундай ҳолатларда бола нафақат ўзини, балки ён атрофидаги инсонлар ва тенгдошларини ҳам касалликдан ҳимоя қилиши лозим.

Илмий текширувлар шуни кўрсатадики, болалар 17 фоиз аденовирус ташувчи ва 18 фоиз микоплазма ташувчи бўлиб ҳисобланади. Бола касалланган даврда кўпроқ суюқлик ичиши, яхши овқатланиши, доимий ҳимояловчи ниқобда юриши, гигиеник қонун қоидаларга риоя қилиши, қўлни совунлаб ювиши ёки антисептик воситалар билан қўлни мунтазам равишда дезинфекция қилиши, умумий идиш-товоқлардан фойдаланмаслик, йўталганда ёки акса урганда оғиз ва бурунни салфетка ёки тирсак билан ёпиши, одам кўп ва гавжум бўлган жойларга бормаслиги керак.

— Пульмонологик касалликлар онадан болага ўтадими?

— Ҳозирги кунда ота-оналар фарзанд туғилишидан олдин, ушбу муҳим қадам олдидан ўз соғлигини тартибга солиб, фарзандини эҳтимолий касалликлардан ҳимоя қилишга интилмоқда. Шунга қарамай, бола ота-онадан кўплаб касалликларни юқтириши мумкин ва биринчи навбатда, бу онадан ўтадиган касалликлардир. Болага онадан ирсий, юқумли, вирусли ва эндокрин касалликлар ўтиши мумкин.

Масалан, пульмонологик касалликлардан бронхиал астмани олайлик. Агар онада бронхиал астма бўлса, болага ўтиш эҳтимоли 40 фоизни ташкил этади. Агар ушбу касаллик ҳам отада, ҳам онада бўлса, боланинг касалланиш эҳтимоли 80 фоизни ташкил этади. Бу кўпинча аллергик касалликларга мойиллиги юқори бўлган оилаларда кузатилади. Шунингдек, ирсий касалликлардан муковисцидозда ҳам шу касаллик генини ташувчи бўлган ота-онадан 25 фоиз ҳолатда хасталикка мойил бола туғилади. Аммо шуни унутмаслик керакки, боланинг эркин нафас олишида энг муҳим омил тўғри парваришдир.

Мавзуга оид