Иқтисодиёт | 15:39 / 16.09.2020
7291
2 дақиқада ўқилади

​Марказий банк яна бир компанияга тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берди

Марказий банк бошқарувининг 2020 йил 10 сентябрдаги қарорига мувофиқ, Genesis Innovation МЧЖга тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди.​ Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берган. 

Genesis Innovation'нинг Kun.uz'га маълум қилишича, компания тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олгани айни пайтда улар томонидан янги тўлов тизимини ишга туширилишини англатмайди. Аммо бу ҳақда келгуси режалар ҳозирча сир сақланиши маълум қилинди. 

2019 йили 29 мартда ташкил топган Genesis Innovation IT-компанияси асосан бизнес учун таҳлил ва тадқиқотлар ўтказиш, дастурий таъминотлар ишлаб чиқариш ва IT хизматлари билан шуғулланади

Ушбу компания жорий йил 3 июнь куни электрон биржа савдоларида «Кафолат суғурта компанияси»​ акциядорлик жамиятининг устав капиталидаги 25 фоиз давлат акция пакети 22 миллиард 598 миллион сўмга сотиб олганди. Давлат активларини бошқариш агентлиги суғурта компания акцияларининг 66,50 фоизи, бошқа юридик шахслар 29,80 фоизи, жисмоний шахслар эса 3,70 фоизига эгалик қилар эди.​

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Uzcard процессинг тизими собиқ раҳбари Аҳрор Маҳмудов Genesis Innovation'га​ раҳбарлик қилади. Компания устав фондидаги барча улуш Дониёр Зуфаровга тегишли. 

Мавзуга оид