Жамият | 17:56 / 17.09.2020
23548
7 дақиқада ўқилади

Ўқишга киролмади, лекин янги ҳунарнинг бошини тутди. Битта сигирнинг пулига иш бошлаган тадбиркор ҳикояси

9-11 сентябрь кунлари АОКА томонидан журналистлар учун камбағаллик рўйхати («темир дафтар»)га олинган оилалар ҳолати билан танишиш, уларга кўрсатилаётган ёрдамларни ўрганиш мақсадида Сурхондарё вилоятига пресс-тур ташкил қилинди.

Гарчи вилоятга ташрифдан мақсад юқорида ёзганимиздек, «темир дафтар»даги оилаларнинг аҳволи билан танишиш бўлса-да, ҳудудларда кичик имкониятдан самарали фойдаланиб ўз тадбиркорлигини бошлаган ва бу борада маълум муваффақиятларга эришаётган ёшларни ҳам учратдикки, Тошкентга ана шу ёшлар ҳақида қаҳрамонлик репортажлари тайёрлашни ҳам мақсад қилиб қайтдик.

Қуйида йўлга тушириб олган ҳунармандчилик фаолияти орқали яхшигина даромад топаётган ва ҳозирга келиб 7 кишини доимий иш билан таъминлаган шўрчилик йигит ҳақида ҳикоя қилинади. Ўйлаймизки, бу тадбиркорлигини бошлаш остонасида турган ёки қандайдир иш бошлаш учун фақат катта пул керак, дея умидсизликда юрган кишиларга ўзига хос хулосалар ҳам бера олади.

Кўриб турганингиз бу оёқ кийимларни тайёрлаш иши дастлаб биргина соғин сигирнинг пулига бошланган эди. 4 йил олдин.

Ундан аввал эса қаҳрамонимиз Эшпўлат Ҳасанов Тошкент давлат аграр университетига ўқишга кириш учун ҳужжат топширади. Аммо у имтиҳонда йиқилган. Айнан мана шу қоқилиш Эшпўлатнинг кейинги фаолиятини белгилаб берди, десак, хато бўлмайди.

«Ўқишга киролмаганимдан кейин Тошкентда қолдим ва оиламга ёрдам бериш учун оёқ кийимлар тикиш фабрикасида ишлай бошладим.

Фабрикада ишлар эканман, бир неча ой ўтиб энди қилаётган ишимга ўзим ҳам қизиқиб кетдим. Билдимки, оёқ кийим тикиш аслида ҳар бир киши мустақил бажариши мумкин бўлган иш экан. Балки, ёшлигимдан ҳар бир ишни ўзим мустақил бажариб ўрганганим ўша пайтда менга ёрдам бергандир», – дейди унинг ўзи бу ҳақда.

Шундай қилиб, бошида фақат оилага моддий ёрдам бериш учунгина ишга кирган Эшпўлат пойабзал тикиш сир-асрорларини ҳам пухта ўрганиб борди. Бунинг учун у ҳатто кечалари ҳам иш жойида қолиб кетарди.

«Ишга кирганимдан кейин ўша фирмада икки йил ишладим ва бир куни эътибор берсам, оёқ кийим тикишнинг барча жараёнларини ўзим бажараётган эканман. Шундан кейин уйга қайтдим ва шу ишни ўз уйимизда бошлаш бўйича оиламдагилар билан маслаҳатлашдим.

Ўша пайтда уйимизда 2-3та молимиз бўларди. Отамдан иш бошлаш учун улардан бирини сотишни сўрадим. Тўғри, бошида менга ишонишмади. Чунки оиламдагилар иш жараёнимни кўришмаган эди. Улар менга қандай қилиб, деган саволни беришди.

Ниҳоят, уйимдагиларни ишонтира олдим. Соғин сигиримизни сотадиган бўлдик. Мен эса сигирнинг пулини олдим-да, Тошкентга, шу соҳада менга устозлик қилган инсонларнинг олдига келдим.

Устозларимдан керакли маслаҳат, иш бошлаш учун 10 жуфт қолип, андозалар ва маҳсулотлар билан уйга қайтдим.

Биринчи ишим жуда ҳаяжонли бўлган. Ўшанда кун бўйи ўтириб 3 жуфтгина оёқ кийим тайёрлаганман. Тўғри, энг биринчи ишимни яхши чиққан деёлмайман. Негаки, танлаган маҳсулотим жуда юмшоқ чиққани учун оёқ кийим ҳам қолипдан ечганимизда ўз шаклини йўқотиб қўйган. Лекин бошқалари жуда яхши чиққанди», – дейди суҳбатдошимиз.

Биринчи иши кўнгилдагидек чиқмаган бўлса-да, Эшпўлатда ўзига бўлган ишонч йўқолмади. Сабаби оила аъзолари ҳам уни қўллаб-қувватлаб туришди. Улар ҳатто қаҳрамонимиз билан бирга пойабзаллар тика бошлашди.

«Шундай қилиб, фаолиятимизни ҳам бошлаб олдик. Биз оилавий болалар ва катталар учун оёқ кийимлар тайёрлай бошладик. Олдимизда эса июль, август ойлари турарди. Биласиз, бу ойларда ота-оналар фарзандини мактабга чиқариш учун кийим-кечак қилишади.

Мен эса пулни кўпроқ йиғиб яна Тошкентга бордим. Бу сафар кўпроқ қолиплар ва керакли маҳсулотлар билан уйга қайтдим.

Мавсум тўғри келгани учун ишимиз ҳам юришиб кетди. Сигир эса жойига бир нечта бўлиб қайтди. Сигирдан ортган пулларга яна Тошкентга борадиган бўлдим», – дейди Эшпўлат.

Эркаклар учун пойабзал тикишда тажрибаси ошган оила эндиликда аёллар ва ёш қизлар учун ҳам оёқ кийим тикиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бунинг учун Тошкентдан яна ўнлаб қолиплар ва маҳсулотлар олинади. Қарабсизки, оилавий ҳунармандчилик яна бир йўналишга кенгаяди.

Эшпўлатнинг ҳунармандчилик фаолияти кенгайиб борса-да, уйдаги шароитларни ҳали фабрика шароити билан таққослаб бўлмас эди.

«Ўша пайтда уйда, кўрпачанинг устида ўтириб оёқ кийим тикардик. Пойабзалларни ҳам жуда оддий, электр плитада пиширганмиз», – дейди у.

Шундай кунларнинг бирида ёш ҳунарманднинг иши Шўрчи туман прокурори Илҳом Тоировнинг қулоғига етиб боради. Эшпўлатнинг уйига келиб, у билан суҳбатлашган прокурор эса суҳбатда ҳунарманднинг иш жойидаги шароит яхши эмаслиги ҳақида эшитади. Шундан кейин қаҳрамонимизга тумандаги бўш турган коллеж биносидан катта бир хона ва қўшимча асбоб-ускуналар ажратиб берилади.

«Авваллари уйимизда тез-тез электр узилишлари бўлиб турарди. Бу ерда электрда узилиш бўлмайди. Шароит ҳам яхшироқ. Масалан, уйда электр плитада 1 соатда бир жуфтгина оёқ кийим тоблай олардик (пойабзал ўз шаклини йўқотмаслик учун у қолипи билан иссиқда тобланади – таҳр.). Яъни 5 жуфт оёқ кийим тоблаш учун 5 соат вақт кетарди. Бу ерда эса катта печимиз ҳам бор ва унда бирданига 5 жуфт оёқ кийимни тоблай оламиз. Иш унумимиз ҳам анча ошди», – дейди суҳбатдошимиз.

25 ёшли Эшпўлат ва унинг шогирдлари тайёрлаётган оёқ кийимлар ҳозир Шўрчи туманидаги дўконларда сотилмоқда. Бу оёқ кийимларнинг доимий харидорлари ҳам кўпайиб бормоқда.

Қаҳрамонимиз эса ўз олдига янги мақсадларни қўйган. «Аввалги иш жойимда оёқ кийим учун фақат ҳақиқий чарм маҳсулотларини ишлатардик. Мен ҳам шу даражага чиқишни орзу қиламан. Шунингдек, ўзим танлаган брендим таниқли брендлардан бирига айланишини орзу қиламан», – дейди у.

Айтганча, Эшпўлат Ҳасанов ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотларига ҳозир «ERMESJ» брендини қўймоқда. Бу ном танланишига нима сабаб бўлганини эса унинг ўзидан сўрадик.

«Бу ишни бошлашим ва ривожлантиришимда оила аъзоларимнинг барча ўз ҳиссасини қўшди. Уларнинг бу меҳнатлари ҳар бир маҳсулотимизда акс этишини хоҳлайман. «ERMESJ» эса ҳар бир оила аъзомизнинг исмидаги бош ҳарфлар», – дейди ёш ҳунарманд.

Тадбиркор буларнинг барчасини юқорида ёзганимиздек, битта соғин сигирнинг пули билан бошлаган эди. Эшпўлат ҳозир нафақат 7 кишини доимий иш билан таъминлаган, балки ўзи топаётган даромади ҳам ёмон эмас: ойига 5-6 миллион сўм.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи – Асад Алланазаров.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид