Жамият | 01:06 / 17.09.2020
32492
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда аниқланган молиявий пирамида ҳақида қўшимча маълумот берилди. Бу корхона фаолияти ҳақида фуқаролар 7 ой аввал огоҳлантирилган

Қашқадарёда молиявий пирамида ташкил этиш орқали 9 миллион доллар ишлаган фуқаро ҳақида хабар берилганди. Қашқадарё вилоят прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

«Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда сохта акцияларни пуллаб молиявий пирамида ташкил этган шахсларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Аниқланишича, «Nasdaq Unique Finance» хорижий компаниясининг Қашқадарё вилоятидаги норасмий вакили Т.Ризаев ўзининг жиноий шериклари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.07.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3832-сонли Қарори талабларига зид равишда уяли телефон аппаратлари орқали интернет тармоқларига уланиб, икки минг нафардан зиёд шахсларга чет эл корхоналарининг акцияларини сотиб олиш орқали устама фоиз тўлаб туриш ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиб, алдаб, уларни ишончига кириб, жами 9 млн. АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, жиноий йўл билан топилган даромадларни турли моддий қимматликлар олиш йўли билан легаллаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Т.Ризаев ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят иши бўйича вилоят прокурори раҳбарлигида, прокуратура, Департамент ва ИИБ ходимларидан иборат таркибда тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноий йўл билан орттирилган мулкларни терговдан яширилишини олдини олиш мақсадида Қашқадарё вилояти, Тошкент ва Жиззах шаҳарларидаги манзилларда ўтказилган тинтувларда 9 та автомашина ва ишга алоқадор ҳужжатлар расмийлаштирилиб олинди.

2020 йил 15 сентябрда Т.Ризаев, М.Ризаев ва Ш.Абдураҳмоновлар ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилиб, суднинг 16.09.2020 йилдаги ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди», дейилган вилоят прокуратураси баёнотида.

Маълумот учун, Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги февраль ойида «Nasdaq Unique Finance» фаолиятида молиявий пирамида белгилари аниқланганидан огоҳлантирган эди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид