Жамият | 16:54 / 18.09.2020
3189
2 дақиқада ўқилади

«Профилактика тадбирлари такомиллашиб бормоқда» – Отабеков дезинфекция туннелларидан фойдаланиш тўхтатилганига изоҳ берди

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков дезинфекцион туннеллар қанчалик самарасиз эканлиги, унга сарфланган маблағлар энди нима бўлиши ҳақида берилган саволга жавоб қайтарди.

«Дезинфекцион туннеллар АҚШ, Россия, Франция давлатлари сингари кўплаб давлатлар қаторида Ўзбекистонда ҳам узоқ муддат давомида қўллаб келинди. Ушбу восита ҳавони, одамларнинг устки кийим-бошларини, кичкина габаритли транспортларни дезинфекция қилиш учун мўлжалланган. 

Дезинфекцион туннелларда ҳам вируслар, шу жумладан коронавирус ва бошқа микроорганизмларни нобуд бўлишига олиб келувчи дезинфекция воситалари ишлатилади.

Махсус комиссиянинг 46-сонли қарорига кўра, ҳозирги кунда бинолар ва бошқа объектларга кираверишда дезинфекцион тунеллар ўрнатиш тўхтатилди. Ушбу қарор Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра қабул қилинди. Олимлар, вирусологлар томонидан ўтказилган тадқиқотлар асосида дезинфекцион туннеллар орқали дезинфекция ўртача 5-30 секундни ташкил этиб, вирусларни инактивация қилиш учун бу вақт етарли эмас деган хулосага келинди.

Тан олиш керак, ҳозир ҳам баъзи давлатларда хусусан Италия, Сингапур, Малайзияда ҳам дезинфекцион туннеллардан фойдаланишга рухсат берилган.

Алоҳида эътироф этиш бўлган нарса шуки, коронавирус касаллиги ташхиси, даволаш усуллари ва профилактикасига қаратилган тадбирлар такомиллашиб борди. Шу пайтгача ЖССТнинг ҳам аниқ таклифлари йўқ эди. Ҳатто коронавирус касаллигига чалинганларни даволаш бўйича протоколлар ҳам мунтазам ўзгариб борди ва Ўзбекистонда шу кунга қадар 6та даволаш протоколи амалиётга киритилди», деди штаб аъзоси АОКАда ўтказилган брифингда.

  • Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида ССВ дезинфекция туннеллари – коронавирусга қарши энг фойдасиз чора экани ҳақида хабар берди. 16 сентябрь куни эса Ўзбекистонда дезинфекция туннеллари тақиқланиши, бунинг ўрнига санитайзер-диспенсер қурилмалари ўрнатилиши маълум қилинди.
Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид