Жамият | 18:49 / 19.09.2020
12898
5 дақиқада ўқилади

«Ўз уйимда ўтириб, бир пиёла чой ичсам армоним йўқ эди» – термизлик Латофат Аъзамова уй олиш учун кўмак сўрамоқда

Касб тақозоси билан кўп сафарларда бўламиз. Бу сафарлар давомида табиийки, турли тақдир эгалари билан учрашамиз. Улардан айримлари бахтли, яна айримлари эса... 

Эҳтиёжманд оилалар рўйҳати («темир дафтар»)да турувчиларнинг яшаш шароитлари ва уларга кўрсатилаётган моддий ёрдамлар ҳолати билан танишиш мақсадида, Сурхондарё вилоятига қилган сафаримиз давомида йўлимиз Термиз шаҳри Тупроққўрғон маҳалласидаги кўп қаватли уйлардан бирида, ижарада яшаб келаётган Латофат опа Аъзамованинг хонадонига тушди.

Қуйида 11 йилдан буён бошпанасизлик ташвишлари билан курашиб яшаётган шу аёл ҳақида ҳикоя қиламиз. 

Латофат опа Аъзамова 1974 йили Бойсун туманида туғилган. 2002 йилда эса у Термиз шаҳрига келин бўлиб тушади. Турмуш ўртоғи Баҳром Сариев билан 7 йиллик турмуши давомида 2 фарзанд – бир ўғил ва бир қизли бўлади. Аммо Баҳром аканинг умри қисқа экан. У 2009 йилда  жигар циррози билан оғриб вафот этади.

Латофат опанинг ҳаётидаги ташвишли кунлар эса ана шундан кейин бошланади. Ўзининг айтишича, қайнота ва қайнонаси уни кўп ўтмай яшаб турган уйидан ҳайдаб чиқарган.

«Улар мени турмуш ўртоғимнинг ўлимида айблашди. Лекин бундай эмасди. Биз бахтли эдик, ким ўз бахтини йўқотгиси келади? Касаллик сиздан сўраб келмайди-ку.

Турмуш ўртоғим музлатгич цехида ишларди, яшашимиз ҳам ёмон эмасди. Лекин нима қилайлик, бу бало бирдан келди. Тақдир экан, шунча даволатсак-да касаллик устун чиқди. 

Қайнота ва қайнонам ҳақида гапиришни истамайман, ғийбат бўлмасин.

Хуллас, шу-шу 11 йилдан бери ижарада яшаб келяпман. Отаси вафот этганда болаларим ҳали жуда кичкина эди. 

Ўша пайтларда боғчалар пулли эди ва тўловга қурбим етмагани учун икки боламни ҳам бир йил олдинроқ мактабга бердим. Отасини соғинса чалғир деб ўйлаганман. Мана ҳозир иккови ҳам вояга етиб қолди, ўғлим мактабни битиряпти, қизим эса 10 синф», – дейди Латофат опа ўзининг ўтган кунлари ҳақида гапирар экан.

Латофат опа ва унинг икки фарзанди ҳозир ижарадаги бир хонали, кичик уйда яшамоқда. У ижарада яшашнинг қийинчиликлари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

«Кўчиб яшаш жуда оғир. Ижарачингиз хоҳлаган пайтда келиб, сизга тур кет, бу уйни сотаман ёки истасанг тўлов нархини кўтараман, дейди. Шу туфайли ҳар йилда ёки ярим йилда бир турар жойимизни алмаштирамиз.

Ўғил-қизларингиз катта бўлгандан кейин уларга алоҳида хона керак. Фарзанд бўлса-да уят, андиша деган сўзлар бор. Афсуски, икки хонали уйни ижарага олишга қурбим етмайди.

Шу сабабли қизимни тез-тез дугоналариникига юбориб тураман...».

Латофат Аъзамова ҳозир Термиз давлат университетида гардеробчи бўлиб ишламоқда. Бу иши учун у ойига 500 минг сўм маош олади. Аммо ўзининг айтишича, ҳозирги яшаётган уйининг ижара пули ҳам худди шунча. Ёлғиз онанинг зиммасида эса бундан ташқари ҳам болаларни ўқитиш, кийинтириш, ош-овқат ва бошқа ташвишлар бор.

Суҳбатдошимиз ҳозирги ишидан нолимайди. Ўзининг айтишича, у 3 йилдан буён шу касбида ҳалол ишлаб келяпти. Аммо ҳозирги ойлиги билан уй-жой қилишнинг имконияти йўқ. 

«Мана неча йилдирки, шаҳар ва вилоят ҳокимлиги, прокуратура ҳамда бошқа идораларга уй беришларини сўраб хат ёзаман, илтимос билан бораман. Афсуски, фойдаси бўлмаяпти. 

«Мен таниган кўп оилалар уйли бўлди. Уларни кўриб ҳавас қиламан, кўраман-у, бизга қачон уй беришаркин, дея ўзимга оғриқли савол бераман.

Болаларим билан ўтирганда балки бирор танишимиз йўқлигидан ҳам бизга уй беришмас, дея йиғлаб оламан. 

Ўз уйимизда эркин ўтириб бир пиёла иссиқ чой ичсам армон йўқ эди. Шу интервьюларингизни раҳбарларимиз кўришса, улардан илтимос, оиламизга ёрдам берсин». – дейди у кўзда ёш билан.

Қаҳрамонимизнинг ҳали яхши ниятлари, режалари жуда кўп. Масалан, икки фарзандини ўқитиб олий маълумотли, ишли қилмоқчи. У шу мақсадда ўзи ишлаётган университет ўқитувчилари билан гаплашиб, болаларини арзон нархдаги тайёрлов курсларига қўйган.

«Болаларимга фақат яхши ўқинглар, яхши ишга жойлашинглар дейман. Мен кўраётган қийинчиликларни келгусида болаларим кўрмасин», – дейди она.

Умид қиламизки, Термиз шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари биз ҳикоя қилганимиз, Латофат опа Аъзамованинг кўп йиллик муаммоларига бефарқ қарамайди. Унинг уйли бўлиш орзуси эса, ва ниҳоят, ижобат бўлишига аминмиз.

Латофат Аъзамовага қўшимча кўмак бериш истагида бўлган савобталаб, кўнгилли ва имконияти бор яхши инсонлар бўлса, унинг пластик картасига пул ўтказишлари мумкин: 

Humo: 9860 0101 2671 9789 (Ипотека банк, Аъзамова Латофат номида).

Илёс Сафаров тайёрлади.
Оператор – Асад Алланазаров.

Мавзуга оид