Ўзбекистон | 00:57 / 20.09.2020
60740
4 дақиқада ўқилади

Паркент тумани ҳокимлиги томонидан харид қилинган "Каптива" бўйича изоҳ берилди

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов туман ҳокимлиги томонидан харид қилинган "Каптива" автомашинаси бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар бўйича изоҳ берди.

Унинг эътироф этишича, ҳақиқатан ҳам, туман ҳокимлиги "Каптива" русумли автомашина учун шу кунларда маблағ ўтказган. Воситачи корхона таъсисчиларидан бири туман ҳокимининг ўғли эканлиги ҳам тўғри.  

Қобуловнинг сўзларига кўра, Паркент тоғ ва тоғолди ҳудудлардан таркиб топганлигидан келиб чиқиб, 2019 йилда туман ҳокимлиги "Каптива" йўлтанламас машинасини харид қилишни режалаштирган. Бироқ ўша вақтда туман бюджетида етарли маблағ бўлмагани туфайли туман ҳокимининг фарзанди, яъни "MEGA KARER" МЧЖ таъсисчиларидан бири отаси фойдаланиши учун мазкур машинани бериб турган.

“Оғзаки келишувга кўра, туман бюджетида етарли маблағ бўлган пайтда пул ўтказиб бериладиган бўлган. Яъни машина туман ҳокимлиги ихтиёрига берилган пайтда янги бўлган. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, тўлов қобилияти шаклланганидан кейин бу маблағлар фирмага баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланган нархга кўра ўтказиб берилган.

Янаям аниқроқ айтганда, туман ҳокимининг фарзанди туман ҳокимлигига янги "Каптива"ни кейинроқ тўлаб бериш шартига рози бўлган ҳолда топширган. Қариндош-уруғчилик риштасидан, бу ўринда, манфаат кўзда тутилмагани, қайтага автомашинани реал нархидан паст баҳога харид қилинганига эътибор қаратишингизни истардим”, дейилади муносабатда.

Унинг таъкидлашича, туман бюджети аниқ ҳисоб-китоблар, маълум режалар асосида тақсимланади.

“Жайдари қилиб айтганда, бюджетнинг пули кўчада қолмаган ва бу борада ўта кучли назорат тизими мавжуд”, дейилади изоҳда.

Беҳзод Қобулов шунингдек, туман ҳокимининг амалга оширган хайрли ишларини санаб ўтган.

“Қуйидаги маълумотни ёзишдан олдин эса кўп ўйладим. Миннат ёки нокамтарлик кўринмасмикан, деган ўйлар кўнгилдан ўтди. Аммо ҳозир, шу вазиятда бу ҳақда маълум қилиш жоиз кўринди. Туман ҳокими Ниғмат Муҳаммедов ўз ойлик маошидан жамғарган пулига 10та сунъий нафас олиш ускунасини туман шифохонасига берган. Бу ўринда гап ҳокимнинг алоҳида бир фазилатини бўрттириш ҳақида кетмаяпти. Бинобарин, Паркент туманини севган, унинг халқи соғлиғи учун қайғурган ҳар бир паркентлик сингари Ниғмат Муҳаммедов ҳам умумий хайрия марафонида муносиб иштирок этганини таъкидлаш маъносида мисол келтирдим”, деб ёзади у.

Беҳзод Қобулов Паркент тумани бюджети ва унинг тўлов қобилияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

“Яъни муҳтарам ўқувчиларда бир иштибоҳ туғилиши мумкин. Яъни нечук пойтахтнинг биқинидаги катта бир туманда "Каптива" олишга етгулик маблағ бўлмаса, деган фикр ҳам бор. Шахсий фикрим ва ўрганишларим натижасидаги хулосам бундай. Пул ўша вақтда етарли бўлмаса ҳам кейинроқ бўлган ва маҳаллий бюджетда тўлов қобилияти аввалроқ ҳам мавжуд эди. Яъни эътиборда тутиш лозимки, маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми миқдори ҳар чоракда маълум бўлади. Бу маблағни тасарруф этиш ҳокимнинг ихтиёридаги иш эди. Аммо раҳбар сифатида Ниғмат Муҳаммедов, имконият бўлганда ҳам, аввало энг зарур соҳа ва тармоқларга маблағ йўналтиришни маъқул кўргани бугунги кунда ўзига қимматга тушаяпти – ижтимоий тармоқларда масала муҳокамалар марказида.

Хулоса қилиб айтганда, бу вазиятда бюджет маблағи талон-тарож бўлгани ҳақида писандалар бақувват асосга эга эмас”, дея хулоса қилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

Мавзуга оид