Жаҳон | 14:08 / 20.09.2020
18466
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи Лукашенкони қачондан бошлаб президент деб ҳисобламаслигини маълум қилди 

Европарламент депутатлари Беларусь президенти Александр Лукашенкони 5 ноябрдан бошлаб республика президенти деб тан олишмайдиган резолюцияни қабул қилишди.   

Фото: Reuters

“5 ноябрда амалдаги авторитар етакчи Александр Лукашенконинг ваколатлари муддати тугагандан кейин парламент уни мамлакат президенти деб тан олишдан тўхтайди”, дейилган хабарда.

Ушбу кун Лукашенконинг 5-президентлик муддати расман якунланади. Унинг ушбу муддатга инаугурацияси 2015 йил 5 ноябрда бўлиб ўтган. 

Европарламент ўз резолюциясида Беларусь мухолифатининг муфовиқлаштирувчи кенгашини “халқнинг вақтинчалик вакили” деб тан олган ва янги президентлик сайловлари ўтказилишини қўллаб-қувватлаган.  

Аввалроқ Европарламент Лукашенкони Беларусь президенти деб тан олмаган ва унга қарши янги санкциялар киритилишини қўллаб-қувватлаган. “Европа иттифоқининг Беларусдаги сайловлар натижаларининг сохталаштирилиши ва жазолашларга жавобгар шахслар, шу жумладан, Александр Лукашенкога қарши санкцияларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз”, дейилган Европарламент баёнотида.

Лукашенконинг ўзи бунга изоҳ бериб, Беларусь бошқа давлатлар томонидан сайловларнинг тан олинишига муҳтож эмаслигини айтган. Унинг айтишича, сайловлар ўтган ва улар қонуний ҳисобланади.

Беларусь ташқи ишлар вазирлигида ҳам Европарламентнинг ушбу хатти-ҳаракатларидан кўнгиллари қолгани айтилган. Вазирликда таъкидланишича, ўзини холис ва демократик ташкилот деб таърифлайдиган Европарламент ўзида “бурни учидан узоқроққа боқа олишга” сиёсий ирода топа олмаган.

Мавзуга оид