Ўзбекистон | 15:44 / 21.09.2020
42587
5 дақиқада ўқилади

«Чироқчи воқеаси». Туман ИИБнинг собиқ ходимларига суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди биносида беш нафар собиқ ИИБ ходимига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд ўз ниҳоясига етди.

2020 йилнинг январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро чорва моллари ўғирлигида гумон қилиниб, туман ИИБ ходимлари томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этган эди. 

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, судланувчилар Н. Овлаев (1989 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган), А. Жанқабилов (1985 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган), Ш. Раҳмонов (1978 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган), А. Тожиноров (1994 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган) ва Б. Ғайратов (1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган)га нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси К. Толлибоев раислигида ҳамда судьялар Э. Эргашев ва Р. Орзиқуловдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 21 сентябрдаги ҳукмига кўра:

Н. Овлаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисми ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил 6 ой ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

А. Жанқабилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 3-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ш. Раҳмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан айбсиз деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан оқланди. Ш. Раҳмоновнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисмидан шу модданинг 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларига қайта квалификация қилинди. Ш. Раҳмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

А. Тожиноров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди билан айбсиз деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан оқланди. А. Тожиноровнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисмидан шу модданинг 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларига қайта квалификация қилинди. А. Тожиноров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Б. Ғайратов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Мавзуга оид