Ўзбекистон | 18:32 / 21.09.2020
28419
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бу йил талаба бўлаётган ҳар ўн абитуриентдан бири хусусий ОТМда ўқийди

2020/21 ўқув йилида Ўзбекистондаги ОТМларга қабул қилинаётган талабаларнинг 10 фоизга яқини нодавлат муассасалар ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда Таълим инспекцияси матбуот котиби Шавкат Хўжақулов 21 сентябрь кунги матбуот анжуманида маълум қилди.

Анжумандан сўнг Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган инспекция расмийсининг сўзларига кўра, жорий ўқув йилида битирувчиларнинг олий таълим билан қамрови даражаси 28 фоиздан ошиши тахмин қилинмоқда.

«Олий таълимни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида олий таълимда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида 2030 йилгача олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш режалаштирилган.

Шу йилги ўқув йилида эса олий таълим билан қамров даражаси 28,4 фоиз атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда», – деди Шавкат Хўжақулов.

Маълумот учун, Ўзбекистонда битирувчиларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 2019 йилда 20 фоиздан ошган, 2020 йилда эса бу кўрсаткични 27 фоиздан ошириш режа қилинганди.

Мавзуга оид