Ўзбекистон | 19:08 / 21.09.2020
13153
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесида бўш қолган депутатлик ўринлари учун сайлов натижаси эълон қилинди

20 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида бўш қолган бешта депутатлик ўринлари учун қайта сайлов жараёнлари бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бўшаб қолган депутатлик ўринларига бўлиб ўтган сайловда натижаси эълон қилинди.

Унга кўра, бешта партия биттадан сайлов округида ғолиб чиққан.

Нукус шаҳри бўйича сайловларда «Адолат» СДП номзоди Гулхатша Аймановна Айимбетова («Айқулаш» қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли вокал артисти) ғалаба қозонган.

Элликқалъа тумани бўйича сайловларда ЎзЛиДеП вакили Байрамбай Пердебаевич Отемуратов (Нукус давлат педагогика институти ректори) ғолиб бўлган.

Беруний тумани бўйича сайловларда ЎзХДП вакили Адилбек Рузимухаммадович Реимбаев (Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали бошлиғи ўринбосари), Қўнғирот тумани бўйича сайловларда «Миллий тикланиш» партиясидан номзод бўлган Пахратдин Юлдашевич Айтжанов («Қўнғирот сода заводи» МЧЖ капитал қурилиш бўлими бошлиғи), Қораўзак тумани бўйича сайловларда Экопартия номзоди Камалов Мурат Қаллибекович (Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори) ғолиб чиққан.

Август ойи охирида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида 65 нафар депутатлик ўрнидан 5таси бўшаб қолгани хабар қилинганди.

  • Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовда 24 июнь куни коронавирус аниқланган. У Республика ихтисослаштирилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус филиалига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Қорақалпоғистон ССВ ахборотига кўра, Муса Ерниязов бир ой оғир аҳволда бўлган. 31 июль куни эса Муса Ерниязов вафот этди.

Мавзуга оид