Ўзбекистон | 14:25 / 21.09.2020
6470
2 дақиқада ўқилади

Штаб аъзоси коронавирусга чалинганларни гриппга қарши эмлаш мумкинлиги ҳақида гапирди

Коронавирусга қарши курашиш бўйича штаб аъзоси Севара Убайдуллаева коронавирусга чалинган ёки касалликдан тузалганларга гриппга қарши вакцина қилиш қанчалик тўғри бўлиши ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Covid-19 билан касалланиб тузалган беморларга гриппга қарши вакцина қилиш мумкин», деган у АОКАда ўтказилган брифингда.

Мутахассис гриппга қарши вакцина бир йиллик вакцина бўлиб, у ҳар йили учраши мумкин бўлган гриппнинг штаммларига қарши ишлаб чиқилиши, шу билан бирга, бу вакцина билан инсон организми айнан гриппнинг шу штаммларига қарши иммунитет ҳосил қилиши ҳақида гапирган.

«У Covid-19 билан касалланган ва тузалган беморларни куз-қиш мавсумида гриппдан маълум даражада ҳимоя қилади ёки касаллик енгил кечишини таъминлаб беради», деди у.

Брифинг давомида эмлаш қандай беморларга мумкин эмаслигига аниқлик киритилган:

  • ОИТС касаллигининг турли босқичларида;
  • вакцина таркибидаги адъюванти, яъни вакцина ишлаб чиқилган асосий восита ва қўшимчаларига нисбатан аллергик ҳолат;
  • болаларда миянинг органик қисмида ўзгариш келтириб чиқарувчи неврологик касалликларнинг зўрайиб бориши даври.

«Барча соматик касалликлар авж олиш даврида тана ҳароратининг 38 даражадан юқори кўтарилиши, диарея, ич кетиш, қусиш, тутқаноқ, қон босими кўтарилиши ёки тушиши, кучли оғриқ синдромида ва ҳоказолар ўтиб кетганидан кейин шифокор кўригидан ўтиб соғлом деб ташхис қўйилганида, тиббиёт муассасасида шифокор-иммунолог, педиатр ёки терапевт назорати остида эмланиш керак», деган штаб аъзоси.

Мавзуга оид