Спорт | 00:42 / 21.09.2020
3937
2 дақиқада ўқилади

“Тур де Франс” ғолиби аниқланди

Фото: Twitter/LeTour

Дунёнинг энг нуфузли велопойгаларидан бири “Тур де Франс”да UAE Team Emirates жамоаси аъзоси словениялик Тадей Погачар ғолиб бўлди. Эътиборлиси, Погачар ушбу велопойгада биринчи марта қатнашди.  

Пойганинг сўнгги босқичи ўртоқлик пойгаси кўринишида ўтган ва у ҳеч нимани ҳал қилмаган. Унда Deceunick Quick-Step жамоаси аъзоси Сэм Беннетт ғалаба қозонди.

21 босқичдан иборат пойга ғолиби Погачар бутун масофани 87 соат 20 дақиқа 5 сонияда босиб ўтган. Унинг ҳамюрти, Jumbo-Visma аъзоси Примож Роглич 2-ўринни, австралиялик Ричи Порт 3-ўринни эгаллаган. 

21 ёшли Погачар мусобақада биринчи марта иштирок этган ва француз Анри Корнедан кейин ушбу нуфузли велопойга тарихидаги иккинчи рақамли энг ёш пойгачи бўлди. Корне ушбу мусобақада 1904 йил 19 ёшида ғолиб бўлган. Охирги марта велопойга дебютанти “Тур де Франс”да 1983 йилда ғалаба қозонган: бу натижага француз Лоран Финьон эришган. Бундан ташқари, велопойга тарихида биринчи марта араб жамоаси вакили ғолиб бўлди.  

“Тур де Франс” жорий йилда 107-марта ўтказилди. Бу сафар у фақат Франция ҳудуди орқали ўтган. Пойга 27 июнда бошланиши керак эди, бироқ пандемия сабабли кечроқ муддатга кўчирилганди. Пойганинг умумий давомийлиги 3470 кмни ташкил қилган.

Мавзуга оид