Жамият | 22:34 / 22.09.2020
71463
6 дақиқада ўқилади

«Морг»даги ҳодисалар хафа қилди» — Зангиотадаги ЙТҲда вафот этган 11 яшар боланинг отаси билан суҳбат

Шу йилнинг 1 сентябрь куни Зангиота тумани Тарнов маҳалласи Туркистон кўчасида вояга етмаган Абдураҳмон йўл-транспорт ҳодисасига учради. Орадан тўрт кун ўтиб, унинг вафоти ижтимоий тармоқларни ларзага келтирди. Kun.uz Абдураҳмоннинг отаси билан суҳбатлашиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.

— Суҳбат бошида, бизга марҳум фарзандингиз ҳақида бироз гапириб берсангиз.

— Абдураҳмон учинчи фарзандим эди. Бу йилга таътилда ёнимда юриб, барча ишларимда ёрдамчим бўлди. Ҳали 11 ёшга тўлмаган эди. Мактабда аълочи, фарзандларим орасида ишонган фарзандим эди. Намоз, рўза ибодатларини бажарар, таровеҳ намозларига ҳам бирга чиқар эди. Велосипед олишни жуда истагани учун бобоси олиб берди. Шу велосипед сотиб олинди, лекин эҳтиёт бўлишини кўп тайинладик.

— Йўл транспорт ҳодисаси қачон юз берди ва сиз бундан қандай хабар топдингиз?

— 1 сентябрь кундузи эди. Мен дўконимиздан бошқа жойда новвойхона очиш учун ғишт олиб келиб, шуларни тушириш билан овора эдим. Абдураҳмон: «Дада, дўкон калитини беринг, ўзим очиб, қараб тураман», деди. Ёнимдан кетганидан бироз ўтиб, қизим қўнғироқ қилиб Абдураҳмонни машина уриб кетганини айтди.

— Йўл транспорт ҳодисаси қандай содир бўлган?

— Воқеа жойига югуриб бордим ва ҳодисага гувоҳ бўлганлардан фожиа қандай содир бўлганини сўрадим. Ҳамма ҳар хил гап айтганидан сўнг, яқин атрофга қўйилган кузатув камерасидан ҳодисани кўришга қарор қилдим. Лекин у ерда ҳам воқеа тўлиқ акс этмаган.

Абдураҳмон велосипедни секин ҳайдаб кетаётган бўлган, уни уриб юборган «Зил» ҳайдовчиси ҳам ўғлимни машина ёнидан ўтиб кетган деб ўйлаган ва у ҳам ҳалокат қандай содир бўлганини аниқ билмайди.

Ўша пайт ҳайдовчи Абдураҳмонни касалхонага олиб кетганди. Касалхонага борганимда Абдураҳмонга биринчи ёрдамни кўрсатишаётган экан. У кўзларини очиб калима қайтарди, сўнг шифокорларга: «Мени ухлатиб қўйинглар», деди. Операцияга олиб киришгандан сўнг, бир неча соат ўтиб, шифокорлар: «Агар оёғини кесиб ташламасак, ҳалок бўлади», деб айтишди.

Тўрт кун реанимацияда ётди. Дастлаб ҳолати яхши эди, кейинчалик ёмонлашиб борди. Шифокорлар ички аъзолари ишдан чиққани, қонига ҳам инфекция тушганини айтди.

— Абдураҳмон вафот этганда нималарни ҳис қилдингиз?

— Мен ич-ичимдан билардим буни, чунки бунча жароҳатни ёш бола кўтара олмас эди. Лекин барибир умидим бор эди. Нима ҳам қила олардим. Кўзимда ёш билан бағримга босдим, тепасида бўлдим. Аллоҳ жаннатда кўришишликни насиб қилсин.

Мурдани ўрашга мато сўрашди, олиб келдим. Ўраб йўлакка қўйишди, мен ёнида ўтирдим. Олиб чиқаман десам: «Олиб чиқолмайсиз, терговчи келиши керак», дейишди.

— Терговчи ўтган тўрт кун мобайнида келганмиди?

— Йўқ, ҳеч ким келмади. Фақат ўша ҳайдовчи ва унинг отаси тун-у кун касалхонада бўлишди. Ички ишлардан қўнғироқ қилиб, манзилимни сўрашди, холос. Кейин терговчи келди, ёш йигит экан. «Сизлар кетаверинглар, мурдани судмедэкспертизасидан сўнг оласизлар», деди.

— Сизга судмедэкспертизаси нима сабабдан керак бўлган эди?

— Динимизда майитни тезроқ дафн қилишга буюрилган. Биз шом намози вақти қадар чиқармоқчи эдик ва шу сабабли судмедекспертизаси тезроқ керак эди.

— Шифохонанинг морфология бўлимида (моргда) мурдага муносабатдан норози бўлгансиз, шундайми?

— Мурдани совуқ сувда ювишган. Бундан ташқари, мени овунтирган нарса – боши жароҳатланмаган, бус-бутун эди. Моргда бош ва орқа мияни кесиб, арралаб, операция давомида тикилган жойларни бошқатдан очиб, жуда қўрқинчли ҳолатга келтиришганди. Бундан ҳеч кимга ҳеч қандай фойда йўқ эди.

— Абдураҳмоннинг вафотидан сўнг ўн кундан ортиқ вақт ўтди. Шу вақт давомида терговчи келдими ёки «Матиз» ҳайдовчиси топилдими?

— Йўқ. Фақат юқорида айтганимдек телефон орқали манзилимни сўрашди.

— «Матиз» ҳайдовчиси кимлиги сизни қизиқтирдими?

— Тўғрисини айтсам, йўқ. Чунки Аллоҳнинг тақдири, улар сабабчи бўлишди, холос. Лекин «Матиз» ҳайдовчиси уриб юбориб, кетиб қолган бўлса, нотўғри иш қилган. Мени асосан хафа қилган нарса бу – «морг»даги ҳодисалар. «Морг»лар тартибга солинса яхши бўларди.

— «Зил» ҳайдовчиси билан кейинчалик ҳам гаплашдингизми?

— Ҳа, деярли ҳар куни қўнғироқ қилиб, нима хизмат, нима ёрдам, деб сўрайди.

— Қандайдир суриштирув ёки терговга тортилибдими?

— Терговга чақиришиб, мутасаддиларнинг ўзига отилган тошларни: «Мана, сенинг қилган ишинг, интернетда тарқалиб кетди», деб видеони кўрсатишибди.

***

Маълумот учун, ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси расмий муносабат билдирган. Унда айтилишича, шу вақтнинг ўзида Зангиота ИИБ тезкор гуруҳи ҳодиса жойига етиб борган ва ҳолатни ўрганиб тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган.

«Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ўрнатилган тартибда марҳумнинг ўлим сабаби ва ундаги тан жароҳатларининг оғирлик даражаси аниқлаш борасида суд тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат юзасидан Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижаси бўйича қўшимча ахборот берилади», – дейилади хабарда.

Лекин туман ҳокимлиги фожиа юз берган тирбанд жой, ҳаракатланиш учун ноқулай ва гавжум бўлган кўчани тартибга келтирадими?

Ҳодисада вафот этган боланинг ўлими ушбу масалага жиддий қарашга сабаб бўладими?

Отанинг айрим масалалардаги норозилиги-чи? Саволга қандай жавоб бўлишини амалий ҳаракатлар билан кузатиб борамиз.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Нуриддин Нурсаидов. 

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид