Жамият | 17:02 / 22.09.2020
7400
1 дақиқада ўқилади

«Regent Corp» иши: Тошкент шаҳар ҳокимлиги инвестор даъвоси бўйича суднинг илк эшитувларида қатнашмади

Бугун, 22 сентябрь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида «Regent Corp» қўшма корхонаси томонидан киритилган даъво аризаси юзасидан илк эшитувлар бошланди. Суд мажлисига судья Ғайрат Машкуров раислик қилмоқда.

ОАВ вакиллари иштирокида ўтган дастлабки суд эшитувларида даъвогар томон кўрсатмалари тингланди. Унга пойтахт ҳокимлигидан вакил келмади.

Келгуси суд мажлиси 2 октябрга белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрь куни Kun.uz «Пойтахт ҳокимлиги қўшма корхона фаолиятига сунъий тўсиқ қўймоқда. Инвесторнинг айби нимада?» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилган эди.

Унда Ўзбекистон, Буюк Британия, БАА ва Қозоғистон тадбиркорлари томонидан ташкил этилган «Regent Corp» ҚК билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида англашилмовчилик вужудга келгани, ҳокимлик зиммасидаги мажбуриятни бажармагани, шу билан бирга, инвесторни асоссиз айблаётгани, муаммо ҳал этилмаса, бир неча миллиард сўмлик инвестиция лойиҳаси барбод бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзилган эди.

Шундан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан мазкур мақолага муносабат билдирилган, иш маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилаётгани таъкидланганди.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид