Жаҳон | 18:18 / 23.09.2020
12263
2 дақиқада ўқилади

Тихановская ўзини "беларусь халқи сайлаган ягона етакчи" деб эълон қилди

23 сентябрь куни Минскда Александр Лукашенконинг инаугурация маросими бўлиб ўтди ва у Беларусь президенти сифатида лавозимга киришди.

Фото: nexta / telegram

Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская Александр Лукашенконинг инаугурация маросимидан сўнг унинг ваколатлари муддати тугаганлигини айтди ва ўзини мамлакатнинг ягона раҳбари деб атади.

"Ўзини қонуний деб эътироф этишга уриниш аввалги ваколатлар тугашига олиб келди, янги мандатни эса халқ унга бермади. Инаугурация деб аталувчи бу нарса сохтакорликдир. Аслида бугун Лукашенко шунчаки нафақага чиқди. Бу эндиликда унинг куч ишлатиш тузилмаларига берадиган буйруқлари қонуний эмаслигини ва бажарилиши керак эмаслигини билдиради. Мен, Светлана Тихановская беларусь халқи сайлаган ягона етакчиман", - деди у ўз Telegram-каналида жойлаштирган мурожаатида.

 23 сентябрь куни Минскда Александр Лукашенконинг инаугурация маросими бўлиб ўтди ва у Беларусь президенти сифатида лавозимга киришди.

Лукашенко 9 август куни ўтказилган президентлик сайловларида ғалаба қозонгани айтмоқда, аммо мухолифат ва Ғарб давлатлари сайлов натижаларини сохталаштирилган деб ҳисобламоқда ва энг кўп овозни мухолифатчилар номзоди Светлана Тихановская олганини айтишмоқда.

 Беларусда бир ойдан ошиқ вақтдан буён тинч намойишлар тингани йўқ, ҳукумат кучлари намойишчиларни қўлга олмоқда ва уларга куч ишлатмоқда.

Мавзуга оид