Ўзбекистон | 20:25 / 25.09.2020
34653
2 дақиқада ўқилади

ДТМ 189 балл олган абитуриентлар ҳам контракт асосида талаба бўлганига изоҳ берди

ДТМнинг ёзишича, айрим йўналишларга ҳужжат топширган республика ва халқаро танлов ғолиби бўлган имтиёзли абитуриентлар сони ажратилган грантдан ҳам кўп бўлган. Шунинг учун ҳам  189 баллик абитуриентлар ҳам шартнома асосида қабул қилинган.

Фото: KUN.UZ

Давлат тест марказининг маълумот беришича, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблар тўғрисидаги низомга мувофиқ, халқаро ва республика танловлари ғолибларига қўшимча квота ажратилмайди.

Қайд этилишича, республикада 1-ўринни ва халқаро танловларда 1-3-ўринни эгаллаган Олимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати ва Осиё чемпионатининг индивидуал турларида ғолиб чиққан академик лицейлар, профессионал таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари ОТМга тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинади.

Республика  ва халқаро танловлар, мусобақаларнинг  жамоа турлари ғолиблари эса ўзларининг орасидан ОТМга тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилиш учун уч номзодни белгилайди.

“Бундай имтиёзга эга абитуриентлар умумий қабул параметрлари асосида талабаликка қабул қилинади, уларга қўшимча қабул параметрлари ажратилмайди.

Aйрим бакалавриат таълим йўналишларида имтиёзга эга бу турдаги абитуриентлар рўйхатдан ўтган ва уларнинг сони ажратилган давлат грантлари сонига тенг ёки ундан кўп бўлган. Шунинг учун 189 балл тўплаган абитуриентлар ҳам тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган”, - деб ёзмоқда Давлат тест маркази.

Эслатиб ўтамиз, кириш имтиҳонларининг жавоби 25 сентябрь куни эълон қилинди.

Тест натижаларидан норози бўлган абитуриентлар 28 сентябрдан бошлаб апелляция шикояти юборишлари мумкин. 56,7 балл ва ундан юқори балл тўплаган, табақалаштирилган тўлов-контрактда ўқиш имконидан фойдаланишни хоҳлаган абитуриентлар 26 сентябрдан бошлаб ОТМларга мурожаат этиши мумкин.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид