Жаҳон | 19:26 / 26.09.2020
26517
3 дақиқада ўқилади

Харьков ҳалокати: Украинада мотам эълон қилинди, барча Ан-26 парвозлари тўхтатилди

Кеча, 25 сентябрь куни Украинанинг Харьков вилоятида Ан-26 ҳарбий транспорт самолёти ҳалокатга учраганди. Воқеа оқибатида 26 киши ҳалок бўлди. Авиаҳалокатнинг янги тафсилотлари маълум бўлди.

Фото: РИА Новости

Аввалига самолёт бортида 28 киши бўлгани хабар қилинганди. Яъни, парвоздан олдин самолётда учиши керак бўлган 7 нафар экипаж аъзолари ва 21 нафар Иван Кожедуб номидаги Харьков Ҳаво Кучлари университети курсантлари ҳисобга олинган. Кейинчалик маълум бўлишича, бир курсантга самолётга чиқишга рухсат берилмаган.

Курсантлар синов парвозини амалга ошираётган бўлган. Режага кўра, парвоз маҳаллий вақт билан 18:50 дан 22:50 гача давом этиши керак бўлган. 20:38 да экипаж командири чап двигател ишламай қолгани ҳақида хабар берган. 20:40 да у фавқулодда қўнишга рухсат сўраган. 20:45 да ҳалокат содир бўлган. Самолётнинг «қора қутиси» топилган ва у ўрганилмоқда.

Фото: Twitter

Самолёт Киев – Харьков трассасининг 530-километрида ҳалокатга учраган. Самолёт фавқулодда қўнишни амалга ошираётган вақтида ҳалокатга учраган. Баъзи манбаларда унинг қаноти ерга тегиб кетгани ёзилган.

Самолёт қулаши оқибатида 26 киши ҳалок бўлган. 25 киши самолёт қулаши вақтида қурбон бўлган. Бортдаги икки киши самолётдан ўзини ерга ташлашга улгурган. Уларнинг иккиси ҳам оғир куйиш ташхиси билан касалхонага ётқизилди. Ҳалокатдан омон қолганлардан бири касалхонада вафот этган.

Украина президенти Владимир Зеленский 26 сентябрни мамлакатда мотам куни деб эълон қилди. Унинг кўрсатмасига биноан ҳалокат оқибатларини ўрганувчи махсус комиссия тузилган. Айни дамда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Терговчилар 4 та вариантни ўрганишмоқда: парвоз қоидаларининг бузилиши, экипажнинг хатоси, парвозга тайёрланиш доирасида йўл қўйилган хатолик, техник носозлик.

Украинанинг собиқ бош ҳарбий прокурори Анатолий Матиоснинг айтишича, ҳалокат экипаж аъзоларининг хатоси сабаб содир бўлган. Воқеа жойига етиб борган Владимир Зеленский мутасаддиларга барча ҳарбий шартномаларни кўриб чиқиш топшириғини берган. Ан-26 ва шу турдаги барча самолётларнинг парвози тўхтатилган. Украина президенти ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам бериш бўйича кўрсатма берган.

Маълумот учун, Ан-26 Украинада ишлаб чиқарилган ҳарбий самолёт ҳисобланади. Киев авиация заводида ишлаб чиқарилган Ан-26 илк парвозини 1969 йилда амалга оширган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид