Ўзбекистон | 15:06 / 29.09.2020
10906
4 дақиқада ўқилади

«Ўзаро товар айланмасини 1 миллиард долларга етказиш имконига эгамиз» – Абдулла Арипов Тожикистон бош вазири билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов яқин йилларда Тожикистон билан ўзаро савдо айланмаси 1 миллиард долларга етказилиши режалаштирилганини айтиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ишчи ташриф билан Тожикистон Республикасида бўлиб турибди. Душанбеда ҳар икки давлат делегацияси ўртасида бўлиб ўтган учрашув давомида Абдулла Арипов иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқалар борасида гапириб ўтди.

«Биздаги статистикага кўра, сўнгги уч йилда икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари икки ярим баробарга ошди. Ўзбекистоннинг Тожикистонга экспорти 2,1 баробарга ошган бўлса, Тожикистон экспорти қарийб 5 баробар ортди. Бундан келиб чиқадики, бизнинг муносабатларимиз фақат бир томонлама манфаатли ҳамкорлик эмас, балки ҳар икки томонга наф келтиради. 

Жорий йилда пандемия туфайли Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш пасайди, аммо фақат Тожикистон билан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,3 фоизга ошиб, 317 миллион долларни (экспорт 255,4 млн доллар, импорт 61,9 млн доллар) ташкил этди.

Яқин йилларда олдимизга қўйилган вазифа – ўзаро товар айланмасини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш учун барча имкониятларга эгамиз», деган Ўзбекистон бош вазири.

Ушбу мақсадда бозорларга зарур ва талаб юқори бўлган маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш, савдо-сотиқдаги турли тўсиқларни олиб ташлаш ва қулай шароитлар яратиш, биргаликда юқори қўшилган қиймат занжирини ташкил этиб, учинчи давлатларга экспортни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланган.

Абдулла Арипов жорий йилда сув танқис бўлишига қарамасдан, қўшимча сув етказиб берилгани учун Тожикистон томонига алоҳида миннатдорчилик билдирган. 

«Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда хусусан, илмий марказлар ўртасида тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан, навбатдаги ишчи гуруҳ йиғилишини Тошкентда ўтказишни таклиф қиламиз.

Пандемия вақтида бир-биримизни қўллаб-қувватлаганимиз ҳамкорликнинг қай даражада мустаҳкам эканини билдиради. Ўзбекистон бу ҳамкорликни давом эттиришга тайёр», деган у.

Бош вазир томонидан коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият барқарорлашгач, қуйидагиларни амалга ошириш таклиф этилган:

  • Ҳар икки давлат зиёлилари форумини ўтказиш;
  • Икки давлат ёшларининг ўзаро ташрифини амалга ошириш;
  • «Битта саёҳат тури бутун минтақа бўйлаб» тамойили остида Буюк Ипак йўли брендини ривожлантириш ва зиёрат туризми лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш;
  • Таълим ва тиббиёт борасида ҳамкорликни ривожлантириш;
  • Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунларини ўтказиш;
  • Душанбеда ўзбек ва тожик санъаткорлари иштирокида концерт дастурларини ташкил этиш. 

«Аминманки, қўшма комиссия кун тартибидаги масалалар икки томонлама савдо-иқтисодий, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, маданий-гуманитар йўналишлар бўйича алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади ҳамда пандемия шароитида ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олишга имконият яратади», деган Ўзбекистон бош вазири.

Ўз навбатида, Тожикистон Республикаси бош вазири Коҳир Расулзода ҳам ташриф учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирган.

«Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ечимини топмаган масала қолмади. Ҳурматли Абдулла Ниғматович, ушбу мажлис ташкил этилгани ва ундаги иштирокингиз учун сизга миннатдорчилик билдираман.

Мажлис давомида қабул қилинган қарорлар икки томонлама бажарилишига ишонаман», деган у.

Бугунги ташриф доирасида ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес-форум, ишбилармонлар кенгаши йиғилиши ҳамда қўшма корхона очилиши каби муҳим тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Мавзуга оид