Ўзбекистон | 23:22 / 30.09.2020
5750
3 дақиқада ўқилади

Конимех ҳокими туманни қисқа фурсатда «қониқарсиз ҳудуд»дан чиқаришга ваъда берди

Президент қарорига кўра, ҳар йили туманлар ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилганди. 2019 йил рейтинг кўрсаткичлари натижасига кўра, Навоий вилоятининг Конимех ва Томди туманлари «қониқарсиз» дея баҳоланди.

Фото: KUN.UZ

30 сентябрь куни халқ депутатлари Конимех тумани кенгашининг навбатдаги XI сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Сессияда туман ҳокими Муратхан Эгамқулов ва сектор раҳбарлари депутатлардан йўл қўйилган камчиликлар учун кечирим сўрашди ҳамда қисқа фурсатда туманни «қониқарсиз ҳудуд»дан чиқариш бўйича ваъда беришди.

Хўш, Конимех тумани нега «қониқарсиз» рўйхатга тушиб қолди? Сессияда ушбу саволга жавоб бўлувчи айрим рақамлар келтириб ўтилди.

Биринчидан, ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 81 млрд 826 млн сўмни ташкил қилиб, аҳоли жон бошига 2 млн 318 минг сўмдан тўғри келган. Бу кўрсаткичнинг вилоят саноатидаги улуши 0,6 фоизнигина ташкил этган.

Иккинчидан, 2019 йилда экспортга йўналтирилган саноат маҳсулотлари ҳажми 1 млрд сўмни ташкил этиб, бу ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг 0,5 фоизни ташкил этган.

Учинчидан, асосий капиталга киритилган умумий инвестициялар ҳажмининг (1 трлн 214 млрд 252 млн сўм) 1,5 фоизигина (18 млрд 115 млн сўм) тўғридан тўғри хорижий инвестицияларга тўғри келган.

Тўртинчидан, виртуал ва халқ қабулхоналари орқали келиб тушган такрорий мурожаатлар сони 117 тага етган. Бу ҳудудда истиқомат қилувчи ҳар 1000 кишидан 3 нафари мурожаат қилди дегани.

Қайд этилишича, туманда иқтисодий ва ижтимоий соҳалар бўйича қилинаётган ишлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, янги ишлаб чиқариш субъектларини ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида янги лойиҳаларга қўл урилган.

Туман ҳокимининг таъкидлашича, жорий йил якунигача туманда қиймати 54,5 млрд сўмлик 20 та саноат ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилиши ва ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 102,2 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шунингдек, тумандаги 11 та корхонани экспорт фаолиятига жалб этиш эвазига йил якунигача жами 2 млн 491 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган (ҳозиргача 1 млн 488 минг долларлик экспорт қилинган).

Инвестиция киритиш масаласида ҳам ҳоким маррани катта олганини таъкидлади: 2020 йил якуни билан жами 134 млрд 300 млн сўмлик инвестициялар ўзлаштирилади ва бунинг 33 млрд 598 млн сўмини тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ташкил этади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид