Жаҳон | 15:58 / 30.09.2020
9846
2 дақиқада ўқилади

Парижда «портлаш» овози эшитилди. Полиция бу қирувчи самолёт овози эканини маълум қилди

Франция пойтахти Парижда портлаш овози эшитилди. Бу ҳақда қатор маҳаллий нашрлар бир вақтда ёзишди.

Фото: Getty Images

Гумбурлаган овоз Францияда ўтаётган «катта дубулға» туркумидаги «Ролан Гаррос-2020» теннис мусобақаси трансляцияси вақтида ҳам эшитилди. Швейцариялик Стэн Вавринка ҳамда германиялик Доминик Кёпфер ўртасидаги баҳснинг биринчи сетида қаттиқ гумбурлаш эшитилгач, теннисчилар бир муддат тўхтаб қолишди. Ташкилотчилар томонидан ҳеч қандай ишора бўлмагач, спортчилар баҳсни давом эттиришди.

Париж полицияси тезда бу борада маълумот берди. Полиция хабарига кўра, бу гумбурлаган овоз портлаш сабаб юзага келмаган. Шунчаки Париж осмони бўйлаб синов парвозини амалга ошираётган қирувчи самолётлардан бири овоз чегарасини кесиб ўтган.

Париждаги гумбурлаган овоз сабаб #Paris ҳештеги Twitter'да трендга чиқиб кетди. Бир неча дақиқа ичида Twitter'нинг инглизча контентида Париждаги гумбурлаган овоз ҳақида 20 мингдан ортиқ пост қўйилди.

Фойдаланувчилар қирувчи самолётнинг овоз чегарасини кесиб ўтиши чиндан портлашга ўхшаган овоз чиқариши ҳақида ёзиб, буни исботловчи видеолар ҳам улашди.

Мавзуга оид