Ўзбекистон | 21:34 / 30.09.2020
39427
4 дақиқада ўқилади

«Тошкентда шундай мактаб борми?» – Президент вазирликка Қоракўл мактаби тажрибасини ўрганиш топшириғини берди

Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан бир гуруҳ зиёлилар ва ўқитувчилар билан учрашди. Унда давлат раҳбари таълимга оид асосий муаммолар ҳақида гапириб, олдинда турган вазифаларни белгилаб берди.

«Оққан дарё оқаверади, дейди доно халқимиз. Бугун буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб, янги ренессанс пойдеворини яратиш учун бизда барча имкониятлар мавжуд дейишга тўла асосимиз бор. Бу фикрга бир мисол келтирмоқчиман. Биласизлар, Қоракўлда ҳаммамизга машҳур бир мактаб бор.

Бу мактабни машҳур қилган оддий қишлоқнинг фидойи муаллими Тўхтамурод Жумаевни ҳам барчамиз яхши биламиз. Бу ажойиб педагог ўзининг тинимсиз изланиши, янги педагогик методлари билан оддий қишлоқ мактабини республика даражасида машҳур таълим даргоҳига айлантирди. Ҳолбуки, мактаб Бухоронинг олис чўл туманида жойлашган бўлиб, замонавий шароитга, қулай имкониятларга ҳам эга эмас. Бу мактаб битирувчиларинг 95 фоиздан ортиғи ОТМларга киряпти», деди президент.

Давлат раҳбари Қоракўлдаги мактабга республиканинг барча ҳудудларидан болалар бориб ўқиётганини ва мактаб ютуқлари инобатга олиниб, у Халқаро математика мактабига айлантирилганини айтиб ўтди.

«Биз бу таълим маскани эришаётган катта ютуқларни инобатга олиб, ўтган йили уни Халқаро математика мактабига айлантирдик.

Тўхтамурод домла ҳам, жадид боболаримиз каби, тинимсиз ва фидокорона меҳнат қилиб, ҳозирги даврнинг янги усул мактабини яратишга эришди.

Мана, бугунги кунимизнинг ҳақиқий маърифатпарвари, давримизнинг Авлонийси, Беҳбудий домласи, Мунавварқориси!

Бундай улкан натижага эришиш учун албатта ўзига хос ўқитиш тизими бўлиши керак. Айни вақтда бундай ютуқлар замирида инсоннинг ўз касбига, Ватанига меҳри ва садоқати, юксак масъулият туйғуси мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Мана шу мактабда Тўхтамурод ака бошчилигида ҳар бир ўқитувчи шогирдларини ўз боласидай кўрган, бу ерда чинакам ижодий мусобақа муҳити шаклланган ва бу ишлар бугун ўзининг муносиб натижасини бермоқда», деди Шавкат Мирзиёев.

Президент байрамда таълим-тарбия соҳасида эришган юксак ютуқлари ва ибратли фаолияти учун Тўхтамурод Жумаевни «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлади.

«Моҳир педагог Тўхтамурод Жумаев таълим-тарбия соҳасида эришган улкан ютуқлари ва ибратли фаолияти учун Президент Фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирландилар.

Фурсатдан фойдаланиб, Тўхтамурод акани ва мукофотга сазовор бўлган барча ўқитувчи ва мураббийларимизни ўз номимдан, халқимиз номидан самимий муборакбод этаман

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари, шу ўринда савол туғилади: Қоракўл мактаби биз учун замонавий мактабнинг ҳақиқий андозаси эмасми? Нима учун Халқ таълими вазирлиги унинг ноёб тажрибасини етарлича оммалаштирмаяпти? Нима учун бошқа мактаб директорлари бу таълим даргоҳидан ибрат олмаяпти? Халқ таълими вазири Ш.Шерматов нега уч йилдан буён бу жиддий масалага етарлича эътибор бермаяпти?

Афсуски, ҳаммамиз “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”, деб, бепарво бўлиб юрибмиз.

Нима учун бошқа вилоятларда, дейлик, Андижонда, Фарғона, Самарқанд, Хоразм ёки Қаршида, Жиззах ва Сирдарёда бундай мактаблар йўқ?

Ваҳоланки, бугунги кунда бизга мана шундай юзлаб мактаблар, ўз касбининг чинакам устаси ва фидойиси бўлган минглаб мураббийлар сув билан ҳаводай зарур.

Шу муносабат билан Халқ таълими вазирлиги ҳудудлар раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир туманда камида биттадан мана шундай мактаб яратиш чораларини кўриши зарур», деди давлат раҳбари.  

Мавзуга оид