Жаҳон | 16:06 / 30.09.2020
16694
9 дақиқада ўқилади

Трамп ва Байденнинг илк дебати. Устунлик ким томонда?

Президентлик дебатлари бошланишидан олдинроқ Дональд Трампнинг сайловолди штаби Оқ уй хўжайинининг муддатдан аввалги ғалабаси ҳақида эълон қилганди. Ижтимоий сўровларга кўра эса президентлик пойгасида Жо Байден устунлик қилмоқда.

Трампнинг президентлик дебатидаги ғалабаси ҳақида унинг тарафдорларига телетрансляция бошланишидан бир неча соат олдин хабарлар юборилган.

Дебат Вашингтон вақти билан 29 сентябрь куни соат 21:00да бошланди, аммо соат 18:30даёқ амалдаги президентнинг сайловолди штаби электрон почта орқали Трамп ўз рақибини тор-мор этгани ҳақида хабар жўната бошлади.

«Мен Жо Байден билан дебатни тугатдим, америкаликларга мен ҳамиша Америка биринчи бўлиши учун курашишимни кўрсатиб қўйдим, нима бўлмасин ҳеч қачон Американи янада буюк қилиш учун ишлашдан тўхтамайман», дейилади АҚШ президенти хабарида.

Бу хабар ортидан Трампнинг тарафдорлари яна бир неча хабар қабул қилишган, уларда Оқ уй раҳбари ўзининг сайловолди кампанияси учун хайрия қилишни сўраган.

Сўкиниш ва ҳақоратлар
АҚШда президентликка номзодларнинг дебатлари сайловчиларнинг фикрини ўзгартириш учун сўнгги имконият деб ҳисоблашади.

Ҳозирча барча сўровномалар президентлик пойгасида Байден рақибини қарийб 10 пунктга ортда қолдираётганини кўрсатмоқда.

Дебатларнинг асосий мавзулари иқтисодиёт, коронавирус ва АҚШдаги ирқчиликка қарши намойишлар бўлди.

  • Коронавирус. Байден АҚШ коронавирус қурбонлари сони бўйича дунё рейтингини бошқараётгани учун барча айбни Трамп зиммасига юклаб, президентда пандемия даврида аниқ ҳаракатлар режасига эга бўлмагани ҳақида гапирди. Трамп эса бунга жавобан агар президент Байден бўлганида, касалликдан АҚШнинг икки юз минг эмас, икки миллион аҳолиси ҳалок бўлган бўлишини айтди ва у инфекцияга қарши туриш учун ўз вақтида чегараларни ёпганини эслатди. 
  • Иқтисодиёт. Трамп коронавирусга қадар АҚШ тарихидаги энг муваффақиятли иқтисодиётни барпо этгани ва бу иқтисодиёт пандемиядан кейин ҳам тез суръатларда тикланаётганини айтиб мақтанди. Ўз навбатида, Байден «инқироз фақат у [Трамп] каби миллионерлар ва миллиардерлар фойдасига ишлагани», бу вақтда ўрта синф вакилларининг ишлари ортга кетгани ҳақида айтиб ўтди. 
  • Ирқчилик намойишлари. Байден Трампни тинч намойишларни ҳарбийлар ёрдамида тарқатишда айблади, шунингдек, президент ультраўнгчилар ва уларнинг рақиблари ҳақида гапирганида «икки томонда ҳам яхши одамлар борлиги» ҳақида гапирганини эслатди. Трамп эса Байденнинг таклифига биноан суперматистларни (оқ танли ирқчилар) қоралашдан бош тортди ва акциялар вақтидаги зўравонликлар учун жавобгарликни сўл радикаллар зиммасига юклади.

Бунгача Трампнинг сайловолди штаби бир неча марта Байден деменциядан (бош мия зарарланиши оқибатида юзага келадиган ва ақлий қобилият сезиларли даражада пасайиши билан намоён бўладиган асаб тизими касаллиги) азият чекиши ҳақида хабар тарқатганди. Президент ўз рақиби гиёҳванд моддаларга қарам эмаслигини исботлаш учун тест топшириши кераклигини, шунингдек, у дебатлар вақтида яширин қулоқчиндан фойдаланмаслигини текширишни талаб қилганди.

Демократлар номзоди бу талабларни рад этди, Fox News телеканали бошловчиси Крис Уоллес модераторлик қилган дебат давомида эса Байден президентни «ёлғончи» ва «масхарабоз» деб атаб, у «Америка тарихидаги энг ёмон президент» эканини айтди.

У айнан Трамп туфайли Қўшма Штатлар коронавирус пандемиясидан ўлим ҳолатлари сони кўплиги бўйича дунёда энг юқори ўринда тургани, агар АҚШ президенти «бироз ақллироқ бўлганида» ўлимлар сони камроқ бўлган бўлишини айтди.

«Сиз «ақлли» сўзини ишлатдингизми? Мен билан гаплашаётганингизда ҳеч қачон бу сўздан фойдаланманг», деди бунга жавобан Трамп ва Байденнинг коллеждаги баҳолари яхши бўлмаганини эслатди.

Трамп дебат вақтида ўз рақибининг ўғли, Украинадаги «Бурисма» компаниясида ишлаган, ундан олдинроқ кокаин истеъмол қилгани туфайли АҚШ қуролли кучлари сафидан ҳайдалган Ҳантер Байден номини ҳам бир неча бор тилга олди.

Трамп армиядан четлатилгани учун Ҳантер Байденни «номуносиб» деб атади, шунингдек, унинг раҳбарлигидаги консалтинг фирмаси Москванинг собиқ мэри Юрий Лужковнинг рафиқаси Елена Батуринадан 3,5 млн доллар олгани ҳақида тарқалган хабарларни эслатиб ўтди.

«Бу ёлғон», дея қисқа жавоб қилди Байден, у ўғли Ироқда хизмат қилганини қайд этди ва Оқ уй раҳбари уруш фахрийларини «омадсизлар» деб атагани ҳақидаги хабарларни ёдга солди.

Дебатнинг бошидаёқ билдирилган айбловлар АҚШнинг собиқ вице-президентининг асабига ўйнади.

«Балки, бўлди қиларсан?», дея рақибига юзланди Байден. У Трамп ўзини президентларга хос тутмаётганини айтиб ўтди.

Байденнинг штаби унинг бу ибораси туширилган футболкалар сотувини бошлаб юборган.

Шунингдек, у ўзини миллиардер деб атайдиган АҚШ президенти нима учун 2016-2017 йилларда атиги 750 доллар миқдорида солиқ тўлаганига ойдинлик киритишга уринди. Бу Қўшма штатларда ўқитувчи ва ҳамширалар тўлайдиган солиқдан ҳам камроқдир.

«Менинг оилам катта бойлигидан маҳрум бўлган, чунки биз Вашингтонга келдик ва ҳукуматни ислоҳ қилиш билан машғул бўлдик», деди Трамп ўзининг солиқ тўламагани ҳақидаги саволдан қочишга уриниб.

АҚШ президентини иқтисодиётдаги муаммолар ва ишсизлик даражаси ошишида айблашга бир неча уринишларидан кейин Байден бу ҳаракатларини тўхтатди.

«Бу масхарабоздан бирорта оқилона жавоб олиб бўлмайди», деди у хўрсиниб.

Коронавирус пандемияси муҳокамаси давомида Трамп Covid-19’га қарши вакцина АҚШда ноябрь ойи бошида, сайловлардан олдин пайдо бўлиши ва барча ундан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

«Бу одам Пасха байрамигача [апрелда] вирус йўқолиб кетиши, иссиқ ҳаво сеҳрли тарзда уни йўқ қилиб юборишини айтганди. У яна одам ўзига идиш ювадиган восита билан укол қилиш орқали даволаниши мумкинлигини ҳам айтганди», дея ғазаб оҳангида гапирди Байден.

«Мен буни сарказм билан гапиргандим», дея жавоб қайтарди Трамп. У чиндан ҳам Оқ уйдаги брифинглардан бирида идиш ювиш воситасидан коронавирусдан даволаниш учун фойдаланиш мумкинлиги ҳақида гапирганди.

Таҳлилчиларнинг кўпчилиги номзодларнинг иккиси ҳам жуда кучсиз чиқиш қилди, деб баҳолашмоқда. Айримлари эса бу дебатларни «тарихдаги энг ёмони» деб атаган. Номзодларга билдирилаётган асосий эътироз — уларнинг позициялари олдиндан маълум бўлгани ва ҳали қарор қабул қилмаган сайловчиларни жалб қилувчи бирорта янгича баёнотлар йўқлиги. Трампни фақат биринчи президентлик муддатидаги ютуқларини санашга эътибор қаратиб, қайта сайланса америкаликларнинг ҳаётини яхшилаш учун нималар қилмоқчилиги ҳақида деярли ҳеч нарса демагани учун танқид қилишмоқда.

Таҳлилчилар Байден ёмон тайёргарлик кўргани ва Трамп доимий равишда унинг сўзини бўлиб қўявергани (шундай бўлиши кутилган ҳам эди), ҳиссиётга берилиб, шахсиятга ўтишдан тийила олмагани, бу эса сайловчиларга ёқмаслиги, у бу борада амалдаги президентдан қолишмаслигини қайд этишган.

«Бугунги ғолибми? Бошқарув панелидаги „овозни ўчириш“ тугмаси», — дея дебатларга баҳо берди CNN телеканалининг сиёсий шарҳловчиси Сара Исгур. Умуман олганда, бундай натижа Байденга маъқулроқ: ҳозирда сўровлар бўйича у президентлик пойгасида устунлик қилмоқда, Трамп эса вазиятни ўзгартириш ва «тебранувчи штатлар»даги сайловчиларни ўзига жалб этиш учун жиддий юриш қилиши керак бўлади. Дебатлар вақтида CNN телеканали томонидан ўтказилган экспресс-сўровда томошабинларнинг 60 фоизи Байденни, 28 фоизи — Трампни ғолиб деб билишини билдирган.

Сайловга қадар яна икки дебат ўтказилади. Трамп ва Байденнинг иккинчи учрашуви 15 октябрь куни Майамида, учинчиси — 22 октябрь куни Нэшвиллда ўтказилади. Бундан ташқари, вице-президентликка номзодлар — амалдаги вице-президент Майк Пенс ва Байденнинг бу лавозимга номзоди Камала Ҳаррис ўртасида ҳам бир дебат ўтказилади. АҚШ президентлиги сайловлари 3 ноябрга белгиланган. 

Мавзуга оид