Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ахборот технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни краудфандинг платформаси орқали оммавий молиялаштириш бўйича ҳуқуқий тажриба ўтказилади
Тадбиркорлик субъектларининг стартаплари ва лойиҳаларини молиялаштиришнинг муқобил механизмларини жорий этиш мақсад қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Краудфандинг платформаси орқали ахборот технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни оммавий молиялаштириш механизмларини яратиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки доирасида ахборот технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни краудфандинг платформаси орқали оммавий молиялаштириш бўйича ҳуқуқий тажриба ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Ҳуқуқий тажриба доирасида 2021 йил 1 январдан 2023 йил 31 декабргача ахборот технологиялари соҳасидаги лойиҳалар учун краудфандинг платформаси орқали қўшимча молиялаштириш манбаларини жалб этишга рухсат берилади.
Ахборот технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни оммавий молиялаштириш (краудфандинг) тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланади.
Белгиланишича:
“Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси” МЧЖ краудфандинг платформасининг оператори;
“Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси” МЧЖ маблағлари краудфандинг платформасини яратиш, техник қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ишларини молиялаштириш манбайи ҳисобланади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларини жалб қилган ҳолда уч ой муддатда краудфандинг платформасини ишлаб чиқади ва ишга туширади;
қўшимча штат бирликлари ва харажатларни инобатга олган ҳолда “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси” МЧЖ харажатлар сметасига зарур ўзгартиришлар киритади.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тажриба якунлари бўйича амалдаги технопарклар, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар, шунингдек, юридик шахсларга краудфандинг платформасини амалга ошириш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар киритади.